“Барселона” мухлисларига қўйилган тақиқни бекор қилди
Испаниянинг “Барселона” клуби стадиондаги фаол мухлислар секторига қўйилган вақтинчалик тақиқни бекор қилди. Натижада мухлислар “Астон Вилла”га қарши Чемпионлар лигаси учрашувида яна жамоани стадиондан қўллаб-қувватлаши мумкин бўлади. Қарор клуб раҳбарияти ва мухлислар гуруҳлари ўртасидаги музокаралардан кейин қабул қилинди. Бу ҳақда “Барселона” расмий сайти хабар бермоқда.
Манбага кўра, клуб вакиллари 2 ноябрь куни “Гол 1957” деб номланган фаол мухлислар сектори масъуллари билан учрашган. Музокаралар давомида мухлислар вакиллари стадионда тартиб-интизомга риоя қилиш ва келгусида номақбул ҳолатларга йўл қўймаслик мажбуриятини олган.
Клуб раҳбарияти мухлислар томонидан билдирилган ваъдаларни ижобий баҳолаб, вақтинчалик чекловни олиб ташлашга қарор қилган. Шу билан бирга, келгусида стадиондаги тартиб қатъий назорат қилиниши таъкидланган. Аввалги қоидабузарликлар клубга бир неча бор молиявий жарималар келтирган ва ҳатто стадионни ёпиш хавфини юзага келтирган.
Маълумот учун, “Гол 1957” “Барселона”нинг энг фаол мухлислари жамланадиган сектор ҳисобланади. Ушбу гуруҳлар учрашув давомида жамоани қўшиқ ва ҳайқириqlar билан қўллаб-қувватлайди. Энди улар “Камп Ноу”даги Чемпионлар лигаси баҳсларида яна фаол иштирок этиш имкониятига эга бўлади.