Анвар Ғофуров: «Ўтган учрашувларга нисбатан бугун ишончлироқ ўйнадик»
«Сурхон» клуби сафарда «Пахтакор»га қарши бўлиб ўтган учрашувда 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаб, қимматли очкони қўлга киритди. Ўйиндан кейин термизликлар бош мураббийи Анвар Ғофуров матбуот анжуманида қатнашиб, саволларга жавоб берди.
- Қийин ўйин бўлишини билгандик. Чунки «Пахтакор» жуда яхши жамоа ва ниятлари аниқ: чемпион бўлиш. Шунинг учун биз ҳам тайёргарлик кўргандик, бизга ҳам очколар керак эди. Тайёргарлик кўриб, бир очко қўлга киритдик. Футболчилар катта меҳнат қилишди, уларга раҳмат. Астойдал ҳаракат қилдилар. Яхши ўйин кўрсатдилар. Албатта, бундан-да яхшироқ ўйин кўрсатиш учун ишлаш ва ҳаракат қилиш керак. Термиздан келган мухлисларимизга алоҳида раҳмат. Бизни қўллаб-қувватлашди, бу қувонарли ҳолат. Ҳар доим ўз мухлисларимизни хурсанд қилиш учун ҳар бир жамоа курашади. Бугунги учрашувдан сўнг яхши кайфиятда уйларига қайтишади, деб ўйлайман.
- «Сурхон» қимматли очкони қўлга киритди. Умуман, «Сурхон» «Пахтакор»га ноқулай рақиб бўлиб келмоқда. Биринчи даврада ҳам, Кубок ўйинида ҳам. Бугунги учрашувда ҳам «Сурхон» янгилик яратмасдан биринчи даврадаги ўйинини эслатиб юбoрди. Тўғри, бугун бир очко қўлга киритилди, аммо турнир жадвалини инобатга олсак, жамоангиз тўфон ичидаги қайиққа ўхшаб турибди.
- Мен ундай деб ўйламайман. Жамоамиз ўзгарган. Етарлича вазиятлар яратдик. Албатта, «Пахтакор» катта клуб. Улар ҳам дарвозамиз олдида яхши имкониятлар яратишди. Ўтган учрашувларга нисбатан бугун биз ишончлироқ ҳаракат қилдик. Катта устунлик бўлди, деб айта олмайман. Охирги дақиқагача иккила жамоа томонидан хавфли вазиятлар бўлди. Мухлислар мазза қилишди, деб ўйлайман.
- Футболчиларингиз кўп вазиятларда ҳакамга эътироз билдирди ва кўп ҳолатларда бўш ҳудудлар пайдо бўлиб қолди…
- Ҳакам билан гаплашиш мумкин эмас, деган гап йўқ. Муомала бўляпти, лекин у ҳакамнинг иши. Хоҳласа тўхтатади, хоҳласа давом эттиради. Бу – футбол. Албатта, кимдир норози, кимдир рози бўлади. Қайсидир учрашувларда иккила жамоада ҳам эътирозлар бўлмайди. Футболда буни тўғри тушуниш керак. Ҳиссиётлар бўлади. Ҳамма ғалаба учун курашади. Бизга ҳам керак. Гапирса гап кўп. Бироқ футболчиларга эътирозим йўқ. Ҳар бир учрашувда нима бўлишидан қатъи назар борларини бериб ҳаракат қилишяпти. Қайсидир ўйинда яққол устунлик билан бой бердик, деб айта олмайман. Қаердадир омад келмаяпти. Биз кўрсатаётган ўйин барибир ўз мевасини беради.
- Ўйин охиридаги вазиятни қайта кўриб чиқдингизми? Аввалига голни инобатга олди, кейин бекор қилди…
- Мен сизни «Пахтакор» ишчиси, мухлиси сифатида тушунаман. Мен у вазиятни кўрмадим. Тўлиқ ҳакамларга ишонаман. Бу уларнинг иши. Ҳакамлар ўз ишини, футболчилар ўз ишини қилиши керак. Ўзим учун Намангандаги вазият дарс бўлди, деб ўйлайман. Бугун ҳам асабийлик кузатилди. Ҳар бир учрашувда ғалаба қозониш ва яхши ўйин кўрсатиш учун майдонга тушамиз.
- Америкалик футболчи рўйхатдан ўтказилган. Аммо у қайдномада ҳам йўқ эди. Футболчи келганми?
- Сантьяго машғулотларда ишлаяпти. Бизга кеч қўшилди. Уни «рўйхатдан ўтказишганидан» кейин яна чиқиб, яна кириши керак экан. Шу боис ташқарига чиқди ва маълум вақт четда бўлиб, яна кирди. Бизга ҳали тўлиқ киришиб кетгани йўқ. Кеча ўринбосарлар таркибида майдонга тушди. Аста-секин мослашиб боради.
- «Сурхон»да молиявий муаммолар бор, кўпгина клубларда ҳам шу муаммо. «Бунёдкор» бош мураббийи Ильёс Зейтуллаевни матбуот анжуманларида доим футболчилар маош олмаётгани ҳақида айтади. Лекин сиздан ҳали бу хусусида гапирганингизни эшитмадим. Бундай мавзуга гапиришни ўзингиз хоҳламайсизми?
- Биз ўз ишимизни қилишимиз керак. Раҳбарият бор. Бу ишлар билан шуғулланаётган инсонлар бор. Гапирганимиз билан бир нарса ўзгаради, деб ўйламайман. Биз ишимизга урғу беришимиз керак. Мен мураббий сифатида, футболчилар эса футболчи сифатида ўсишимиз керак. Натижа кўрсатмоқчи бўлсак, ўз устида ишлашимиз керак. Ҳар биримиз кундан-кунга яхшироқ бўлишимиз лозим. Бизни ҳам муаммолар бор. Буни аниқ биласиз. Бу саволга жавоб беришни ҳожати ҳам йўқ, деб ўйлайман. Шунчаки, биз бу нарсани оммавий чиқармаймиз.
- Таркибдаги ёш футболчилар етакчи клубларга қарши ҳам майдонга тушишяпти. Уларга қандай мотивация бераяпсиз?
- Албатта, ҳар бир футболчини янада яхшироқ бўлиши йўлида бу тўғри. Ҳар қандай ўйинчи ё мураббий тўхтаб қолса, футболда кўп бўлмайди. Сен узоқроқ ўйнамоқчи бўлсанг, ўз устида ҳар куни ишлашинг ва ҳар учрашувда буни исботлашинг керак, деб уларга тушунтиряпмиз. Бизда рақобат бор. Ёш бўлишига қарамасдан, ҳар бир футболчига 100 фоиз ишонаман. Уларни нималарга қодирлигини биламан. Ҳар бирига имконият бериляпти. Бугунги учрашув ҳам ўз ифодасини кўрсатди. Футболчилар ўз ҳаракати ва меҳнати билан дуранг ўйнашди. Улар ҳам, биз ҳам ютушимиз мумкин эди», - дея «Сурхон» устозининг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.