Акмал Рустамов: Андижонда имконият кўпроқ бўлди
“Қизилқум” - “Андижон” (2:1) учрашувидан кейинги матбуот анжумани иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Акмал Рустамов иштирок этди:
- “Андижон” билан жуда қийин ўйин бўлишини билардик. Жиззахдаги мағлубиятдан сўнг раҳбариятимиз ва мухлисларимиз олдида ҳам ғалабага бўлган иштиёқ юқори эди. Футболчиларимизга ва раҳбариятга раҳмат. Бизга қўллаб-қувватлашяпти. Йигитлар кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди. Чемпионатнинг охири ва жамоаларга қийин. “Андижон” ҳам ОЧЛда ўйнаяпти, уларга ҳам оғир. Сафарларга бориб келишяпти. Бизда ҳам қийинчиликлар бор. Бугунги учрашувда 4 нафар футболчимиз сариқ карточкалари тўпланиб қолгани учун ўйнай олишмади. Ёшларимиз билан ҳаракат қилдик, уларни тарбиялашда давом этамиз. Кейинки йилдан жамоада навоийлик ёшларимизни таркибга қўшиб борамиз.
- Ҳужумкор ўйин кўрсатишяпти. Лекин ўткир ҳужумчи кўринмаяпти. Гол ҳам стандартлардан урилмоқда. Буни қандай тушунтира оласиз?
- Улар вазифаларни бажаришди. Ечинув хонасида айтилган вазифани уддалашди, уларга раҳмат. Ўйинда қарши ҳужумда ўйнадик. Аммо ҳисоб бизнинг фойдамизга ва барча мухлисларимизни табриклайман.
- “Андижон” бош мураббийи “Қизилқум” вазият ярата олмаганини айтди. Бу ҳақда сиз нима дейсиз?
- Ҳамманинг ўз фикри бор. Менда бундай фикр йўқ. Биз битта имконият бўлса, шундан гол уришни хоҳлаймиз. “Андижон”га қарши яхши тайёргарлик кўргандик. Худога шукр, юзимиз ёруғ бўлди. Ғалаба биз томонда. Уларда имконият кўпроқ бўлди, аммо фойдалана олишмади. Биз ҳам Жиззахда “Сўғдиёна”га қарши ўйнаганимизда 6-7 та яхши вазият яратгандик. Бу сафар иккита имкониятимиздан иккита гол урдик. Йигитлардан миннатдорман.