locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

«Кўп шахматчилар бутун умр ўйнаб ҳам жаҳон тожи учун курашиш имкониятига эга бўлмайди. Менда эса бу имконият бор» — Жавоҳир Синдаров

22-ноябрь куни Женевадаги БМТ Миллатлар саройида 2026-йилги жаҳон чемпионлиги матчи олдидан расмий матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Эксклюзив янгиликлар
«Кўп шахматчилар бутун умр ўйнаб ҳам жаҳон тожи учун курашиш имкониятига эга бўлмайди. Менда эса бу имконият бор» — Жавоҳир Синдаров
photo: gettyimages

22-ноябрь куни Женевадаги БМТ Миллатлар саройида 2026-йилги жаҳон чемпионлиги матчи олдидан расмий матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш ва даъвогар Жавоҳир Синдаров журналистларнинг саволларига жавоб берди.

«Менда эса бу имконият бор»

Жавоҳир Синдаров Номзодлар турниридаги ғалабасидан кейинги олти ой қандай ўтганини эслади. Унинг айтишича, вақт у ўйлагандан анча тез ўтган.

«Жаҳон тожи учун курашишдан жуда хурсандман. Кўп шахматчилар бутун умр шахмат ўйнаб ҳам бундай имкониятга эга бўлмайди. Менда эса бу имконият бор. Бу имкониятдан имкон қадар завқ олишга ҳаракат қиламан».

Гукеш: «Унвонни қайтадан қўлга киритиш учун келдим»

AFP журналисти Гукешдан жаҳон чемпионлиги унвонини ҳимоя қилиш уни қўлга киритишдан қийинроқми, деб сўради. Унинг жавоби қисқа ва қатъий бўлди.

«Мен бу ерга бирор нарсани ҳимоя қилиш учун келганим йўқ. Мен унвонни қайтадан қўлга киритиш учун келдим».

Синдаров ғалаба имкониятини 50:50 деб баҳолади

Номзодлар турнири олдидан ўз имкониятини 15 фоиз деб баҳолаган Жавоҳирдан ҳозирги матч учун қандай нисбатни танлашини сўрашди.

«Менимча, 50:50 дейиш тўғри бўлади. Бу жуда қийин матч ва 14 партияда ҳар нарса рўй бериши мумкин».

Рақиблар бир-бири ҳақида нима деди?
Гукеш Синдаровнинг барқарор ва кучли ўйинини юқори баҳолади. Унинг фикрича, Жавоҳир ҳозир ўзининг энг яхши формасида ва унга қарши матч ҳақиқий синов бўлади.

Синдаров Гукешнинг 2024-йилдаги натижаларини «фантастик» деб атади. Бу йил Тата Стейл турнирида унга қарши ўйнаганида рақибининг нақадар кучли эканини ҳис қилганини айтди. Шунингдек, унинг охиригача кураша олишини алоҳида эътироф этди.

Матчга икки хил тайёргарлик

Жавоҳир Номзодлар турниридан кейин ҳам кўп мусобақаларда қатнашганини тажриба орттириш истаги билан изоҳлади. У фаолиятида бу даражадаги кучли турнирларда ҳали кўп ўйнамаганини ва ўз қароридан мамнун эканини билдирди.

Гукеш эса жамоаси билан бу йилги турнирлар сонини камайтиришга қарор қилган. У Синдаровнинг кўпроқ ўйнаганидан ҳайрон бўлмаганини айтди.

Синдаровга кимлар ёрдам беряпти?

Жавоҳир матчга тайёргарликда Роман Видоняк, Муҳиддин Мадаминов ва Никита Витюгов ёрдам бераётганини маълум қилди. Жамоасининг қолган аъзоларини матчдан кейин ошкор қилишини айтди.
Гукеш эса Гжегож Гаевски билан ишлаётганини тасдиқлади. У ҳам бошқа ёрдамчилари ҳақида кейинроқ гапиришини билдирди.

Синдаров: «2025-йилгача жиддий ишламаганман»

Болаликда нималардан воз кечгани ҳақида сўралганида Жавоҳир ўз истеъдодига доим ишонганини, аммо 2025-йилгача шахмат устида жиддий ишламаганини айтди.

«Ҳар қандай ўйинда доим ғалаба қозонишга интиламан. Шахмат устида жиддий ишлашни бошлаганимдан кейин кучайдим».

У сўнгги икки йилда кўп меҳнат қилганини айтиб, болаларга севган соҳасида тинмай ишлашни маслаҳат берди. Гукеш эса болалигида мактабга деярли бормаганини, аммо ўз ҳаётидан миннатдор эканини билдирди.

Энг муҳим маслаҳат ва яқинлар кўмаги

Гукеш сўнгги ойларда ёдида қолган маслаҳатни айтди: «Кимлигингни унутма». У бу сўзларни матч давомида ҳам ёдида тутишини билдирди.

Синдаров эса қийин пайтларда дўстлари ва оиласи биринчи бўлиб ёрдам қўлини чўзишини, яқинларининг кўмагисиз юқори натижаларга эришиш қийинлигини айтди.

Ғалаба қозонса, нима қилади?

Жавоҳир чемпион бўлса нима қилиши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай ваъда бермаган.

«Ҳозир фақат кейинги 20 кунга диққатимни қаратиб, ўзимнинг энг яхши шахматимни кўрсатишни хоҳлайман. Кейин нима бўлишини кўрамиз».

Жаҳон чемпионлиги матчи 24-ноябрь куни Женева яқинидаги Колоньи шаҳарчасида, Мартин Бодмер фондида бошланади. Матч 14 партияга мўлжалланган.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг