Ўзбекистон ва Тожикистон футзали: Ҳамкорлик янги марралар сари
Ўзбекистон ва Тожикистон миллий футзал терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувларини кузатиш, шунингдек, икки мамлакат спорт федерациялари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида бугун Тожикистон футбол федерациясининг расмий делегацияси амалий ташриф билан Тошкент шаҳрига етиб келди.
Меҳмонларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон футзал федерацияси раҳбарияти кутиб олди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон футзал федерациясида икки мамлакат футбол ва футзал федерациялари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистон футзал федерацияси бош котиби Инамжон Марупов Тожикистон футбол федерацияси бош котиби Фурқат Аҳмеджонов бошчилигидаги расмий делегация аъзоларини қабул қилди.
Музокаралар давомида икки мамлакат ўртасидаги футзал алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, футбол ва футзал йўналишидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда мавжуд дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, миллий, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари, шунингдек, футзал клублари миқёсида халқаро ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув самимий ва ишчанлик руҳида ўтди. Томонлар Марказий Осиёда футзални янада ривожлантириш, спорт орқали халқлар ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Учрашув давомида Фурқат Аҳмеджонов Марказий Осиё мамлакатлари миллий футзал терма жамоалари ўртасида анъанавий халқаро турнир ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Мазкур таклифнинг Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватланиши минтақада футзал ривожи ва мамлакатлар ўртасидаги спорт ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.