“Валенсия” янги инвесторлар орқали 100 миллион евро жалб қилмоқда
Испаниянинг “Валенсия” клуби молиявий ҳолатини яхшилаш учун АҚШ инвесторлари билан йирик келишувга эришди. Pitchwise Holdings консорциуми клуб акцияларининг 42 фоизини сотиб олиш ҳамда қўшимча 100 миллион евро капитал киритиш бўйича келишувга келган. Бу ҳақда Diario AS нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, янги инвесторларнинг маблағи клубнинг молиявий барқарорлигини ошириш ва келажакдаги лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилади. Шунингдек, келишув январь ойидаги трансферлар ойнасида “Валенсия”нинг молиявий имкониятларини кенгайтиради.
Бироқ клуб янги жалб қилинган 100 миллион евронинг барчасини футболчилар трансферига сарфлай олмайди. Ла Лига молиявий қоидалари бунга йўл қўймайди. Ҳисоб-китобларга кўра, спорт директори Браулио Васкес қишки трансферлар учун тахминан 8 миллион евролик қўшимча молиявий имкониятга эга бўлади. Маблағнинг қолган қисми академия инфратузилмаси, эркаклар ва аёллар жамоалари ҳамда янги стадион харажатларига йўналтирилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, “Валенсия” жорий Ла Лига мавсумининг дастлабки ўнта учрашувида атиги олти очко жамғарган ва турнир жадвалида охиридан иккинчи ўринда бормоқда. Клуб раҳбарияти қишки трансферлар орқали таркибни кучайтиришни устувор вазифалардан бири деб ҳисобламоқда.