Sobiq “Barselona” futbolchisi 23 ta o‘yindan so‘ng ilk golini urdi
“Барселона”нинг собиқ ҳужумчиси Мартин Брайтвейт Бразилия чемпионатида узоқ давом этган голсиз сериясига якун ясади. Даниялик футболчи “Гремио” сафида “Коритиба”га қарши учрашувнинг сўнгги дақиқаларида гол уриб, жамоасига 1:0 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди. Бу ҳақда Испаниянинг Diario AS нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Брайтвейт 82-дақиқада захирадан майдонга тушган. У 91-дақиқада Франсис Амудзунинг узатмасидан сўнг бош билан аниқ зарба йўллаб, учрашув тақдирини ҳал қилган. Мазкур гол 2026 йилги Бразилия чемпионатида унинг 23-учрашувидаги биринчи голи бўлди.
Даниялик ҳужумчи йил бошида оғир жароҳат олган ва тикланиш жараёнидан кейин асосий таркибдаги ўрнини йўқотган эди. У жорий чемпионатда атиги бешта баҳсни бошланғич таркибда ўтказган. Брайтвейтнинг голи “Гремио”га қуйи лигага тушиб кетмаслик учун курашда муҳим уч очкони олиб келди.
Маълумот учун, Брайтвейт 2020–2022 йилларда “Барселона” сафида фаолият юритган. Ҳозирда у Бразилиянинг “Гремио” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Мазкур ғалабадан кейин ҳам клуб хавфли ҳудудни тарк эта олмаган, аммо турнир жадвалидаги рақибларига яқинлашган.