Суперлига. Октябр ойида сиз кўришингиз шарт бўлган 5 учрашув
Ўзбекистон Суперлигаси ўзининг энг қизғин палласига кириб бормоқда. Ўзбекистон кубоги мусобақасида эса финал яқин.
Нефтчи — ОКМК
19-октябр куни Ўзбекистон Суперлигаси 25-туридан ўрин олган Нефтчи ва ОКМК ўйини бўлиб ўтади.
Виталий Левченко жамоаси чемпионлик учун курашга жиддий киришган. Айни вақтда фарғоналикларнинг Насаф билан ўртасидаги фарқ 2 очкони ташкил этмоқда. Шу боис, буёғига Нефтчини хато қилишга ҳаққи йўқ.
Ўз навбатида, ОКМК жамоаси ҳам медаллар учун курашдан чиққанича йўқ. Модомики шундай экан, Миржалол Қосимов бошчилигидаги жамоа ҳам Фарғонага ғалаба илинжида ташриф буюрса ажаб эмас.
ОКМК — Насаф
26-октябр куни Ўзбекистон Суперлигасининг 26-туридан ўрин олган ОКМК ва Насаф ўйини бўлиб ўтади.
Ушбу жамоалар ўртасида дастлабки ўйин Қаршида бўлиб ўтган ва бу баҳсда Рўзиқул Бердиев жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Шундай экан, ушбу ўйинда ОКМК клуби реванш олишга бор имконияти билан ҳаракат қилади.
Аммо, Насаф клуби ҳам айни вақтда очко йўқотадиган ҳолатда эмас. Нефтчи клуби “аждарлар”ни изма-из таъқиб этиб келмоқда. Шундай экан, Қарши клуби ҳам Олмалиққа фақат ғалаба учун ташриф буюриши аниқ.
Навбаҳор — Насаф
30-октябр куни Ўзбекистон Суперлигасининг 27-тури доирасида Навбаҳор клуби ўз майдонида Насафни қабул қилади.
Математик жиҳатдан олиб қарасак, Навбаҳор клуби медаллар учун курашдан чиққанича йўқ. Унинг устига, жамоа биринчи давра ўйинида Насафга ютқазган. Шу боисдан, Наманган клуби ушбу ўйинни ғалаба билан якунлаш учун бор имкониятини ишга солиши аниқ.
Бухоро — Сўғдиёна
23-октябр куни Ўзбекистон Суперлигасининг 26-туридан ўрин олган баҳсда Бухоро клуби ўз майдонида Сўғдиёнани қабул қилади.
Ушбу ўйин натижа нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга эмасдек кўринар, балки. Аммо Ўзбекистон кубоги мусобақасининг ярим финалида Бухоро жамоаси айнан Сўғдиёна клубини мағлуб этиб, финалга йўл олганди. Бу ҳолат эса жиззахлик мухлисларнинг ҳафсаласини пир қилди.
Бўлғуси ўйинда Сўғдиёна клуби олдида ярим финалдаги хатосини ювиш имконияти бор. Иван Бошкович жамоаси ҳам ушбу имкониятдан фойдаланиш учун бор имконини ишга солиши аниқ.
Пахтакор — Бухоро
29-октябр куни мавсумдаги энг муҳим ўйинлардан бири Андижондаги “Бобур арена”да бўлиб ўтади. Шу куни мухлислар Ўзбекистон кубоги мусобақасининг финал ўйинига гувоҳ бўладилар.
Пахтакор бир неча йиллардан бери мусобақа финалига йўл ололгани йўқ эди. Жамоа 4 йил деганда яна финалга чиқди. Бухоро клуби эса ўз тарихида биринчи бор Ўзбекистон кубогининг ҳал қилувчи беллашувига йўл олди.
Ушбу ўйин ғолиблиги жамоаларга нафақат мусобақа ғолиблигини, балки, келгуси йили халқаро мусобақада иштирок этиш ҳуқуқини ҳам тақдим этиши билан аҳамиятлидир