Ўртоқлик учрашуви. «Навбаҳор» Беларус клубига мағлуб бўлди
“Навбаҳор” ҳозирда Беларус пойтахти Минскда ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Сергей Лушан шогирдлари мазкур йиғин доирасида бугун дастлабки халқаро ўртоқлик ўйинини ўтказишди.
“Лочинлар”га ушбу баҳсда айни пайтда Беларус олий лигасида пешқадамлик қилаётган “Макслайн Витебск” (Витебск) жамоаси спарринг - рақиб бўлди.
Бу учрашувда “Навбаҳор” устози Сергей Лушан кўрикдан ўтаётган футболчиларни ҳам майдонга тушириб, синовдан ўтказди.
Шунингдек, жамоа ҳар икки бўлимда икки хил таркиб билан ҳаракат қилди. Биринчи бўлимда майдонга асосан тажрибали футболчилар тушишди ва баҳс нурсиз дуранг – 0:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимда эса ёшлар синовдан ўтишди ҳамда унда витебскликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Голларга “Макслайн Витебск”нинг кўрикдан ўтаётган Босния ва Герсеговиналик ҳужумчиси Неманя Драгутинович муаллифлик қилиб, “дубл”га эришди.
“Лочинлар” Беларус йиғини доирасидаги навбатдаги ўртоқлик баҳсини эртага Беларуснинг “Сморгон” (Сморгон) жамоасига қарши ўтказишади.