Максим Шацких: Учрашувдан кейин кийим алмаштириш хонасида футболчиларга миннатдорчилик билдирдим
“Андижон” - “Ал-Халдия” (0:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманиing иккинчи қисмида буруғутлар бош мураббийи Максим Шацких ўз фикрларини билдирди.
"Ҳамма кўрди, бугун жамоамиз кўрсатган ўйини ва яратилган имкониятларни сарҳисоб қилиб, ғалабага мос ўйин кўрсатдик, деб бемалол айта оламан. Учрашувдан кейин кийим алмаштириш хонасида футболчиларга миннатдорчилик билдирдим. Иштиёқ, ўйинга бўлган муносабат, ғалабага бўлган чанқоқлик кўриниб турди ва шунинг учун миннатдорчилик билдирдим.
Умуман олганда, биз етарлича вазиятлар ярата олдик. Бугун икки очко йўқотдик. Олдимизда чемпионатнинг иккита ўйини бор. Кейинги учрашувларда яхши натижалар кўрсатишни ният қиламиз. Энди учта ўйин ўйнадик. Ҳали гуруҳдан чиқишга имкониятларимиз бор.
- Максим Александрович, жамоа учта ўйинда ҳам гол ура олмади. Буни қандай изоҳлайсиз?
“Учта ўйинда гол ўтказмаганимизни ижобий томони – ҳимоядаги ўйинни яхшилиги. “Шўртан”га 4 та гол ургандик, афсус, бу ерда гол ура олмадик. Умид қиламанки, ҳали урилган голларимиз олдинда.
- Иккинчи бўлимда кутилмаганда жамоа сардори Дамир Темиров ҳамда Дониёр Абдуманноповни алмаштирилиши нима билан боғлиқ?
"Улар жуда катта ҳажмдаги ишни бажаришди. Ўзлари ўйнаган дақиқаларда рақиб ҳимоячиларини саросимага солиб турди. Алмаштиришнинг иккита сабаби бор. Биринчиси, улар толиқиб қолишди. Мен футболчиларимни яхши биламан. Майдонда улар қандай ҳажмда иш бажарганини менга кўринди. Яна бир сабаби, кўрган бўлсангиз, рақиб ҳам унгача учта футболчини туширганди. Айни майдон марказига футболчи туширилди. Шу боис марказни янада яхшироқ қилиш мақсадида марказга ўйинчи туширдик. Шу тариқа, ўйинни яна ўз қўлимизга олишга ҳаракат қилдик.
“Андижон” жамоаси биринчи бўлимни 30-дақиқасигача ўйинни меҳмонларга бериб қўйди. Ундан кейин жамоа мослашди. Бу нима билан боғлиқ, тактиками ёки...
- 30-дақиқагача меҳмонлар кўпроқ тўпга эгалик қилди, дегани тўлиқ устунлик қилди, дегани эмас. Дарвозамиз олдида айтарли хавфли вазиятлар ярата олишмади. Ўйин давомида бор-йўғи биттами, зарба беришди. Араб жамоаларига хос тарзда тўпни яхши назорат қилишади. Тўпни назорат қилиши бу жамоага қандайдир устунлик берди, дегани эмас. Биз ҳам тўпсиз ўйнашда яхши ҳаракат қиламиз. Олдиндан шундай режамиз бор эди.
Улар толиқишгач, қарши ҳужумларда тезкор ва тажовузкор ҳаракат қилишни ўйладик. Айтганимдек, тўпни назорат қилиш ҳар доим устунлик беради, дегани эмас. Ҳозирги футболда ҳамма тўпни назорат қила олади. Ҳимояда яхшироқ ўйнашга ҳаракат қилдик. Ҳатто, “Манчестер Сити” ҳам ҳимояга ўтиб ўйнашни ўрганяпти. Бу футболнинг ёзилмаган қоидаси. Рақиб 90 дақиқа давомида айтарли ҳужум яратмади.
Рақиб мураббийи икки очко йўқотдик деб айтганини эшитдим. Лекин у алдаяпти. Чунки кўриниб турганди, улар дуранг учун келган. Ўйиндан кейин дурангдан хурсанд ҳам бўлишди", - деди мутахассис.