locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Али Ашур: Андижон жамоасини жуда яхши таҳлил қилдик

Ал-Халдия бош мураббийи Андижон билан ўйиндан олдин фикр билдирди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
photo: Andijon fk
Осиё Чемпионлар Лигаси 2
22.10.2025, Як.
Андижон
0
Al Khalidiyah
0

“Андижон” - “Ал-Халдия” учрашуви олдидан бугун “Бобур арена”да матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унинг иккинчи қисмда меҳмонлар бош мураббийи Али Ашур фикр билдирди.

“Аввало Андижон аҳлига миннатдорчилигимни билдираман. Аэропортдан кутиб олишдан бошлаб, бизга жойлаштириш, умуман, стадиондаги шароитларнинг барчаси аъло даражада. Бизга яхши муносабатда бўлишди. Бу мен учун жуда катта хурсандчилик. Айниқса, Ўзбекистонга ва Андижон каби ажойиб шаҳарга келганимиздан мамнунмиз. Очиқ айта оламанки, улар Баҳрайнга борганда бизга қандай меҳмондўстлик кўрсатишган бўлса, биз уларни ундан ҳам яхши кутиб олишга ҳаракат қиламиз.

Эртага жуда қийин рақибга қарши ўйнаймиз. Бизни жиддий учрашув кутяпти, деб айта оламан. Яхши мураббий ва яхши футболчилари бор. Бу жамоа икки учрашувдан бери ҳали гол ўтказмаган. Майдонда футболчилари ажойиб ўйин кўрсатишган. Лекин биз ҳам Баҳрайндаги икки учрашувдан кейин яхши натижа қайд этдик.

Эртага ҳам шундай яхши натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз. Футболчиларимиз ҳам учрашувни интиқлик билан кутяпти ва эртага майдонга тушишни исташяпти. Эртага боримизни бериб, энг яхши ўйинимизни кўрсатиб, ижобий натижа билан қайтишни режа қиляпмиз.

Билсангиз, “Ал-Халдия” Баҳрайннинг кучли клубларидан бири. Ўз тарихи бор. Ҳар доим ҳужумкор футбол намоён қилиб келганмиз. Мен ҳам мураббий сифатида айнан ҳужумкор футболни яхши кўраман. Меҳмон ёки уйда ўйнаётганимизда ҳам шу тарзда ҳаракат қиламиз. Лекин уй ва меҳмон ўртасидаги ўйинларда фарқ бўлади. Чунки биз кўпроқ тўпга эгалик қилишни истаймиз. Тўп билан яхши ўйнашни хоҳлаймиз. Агрессивроқ бўлишга ҳаракат қиламиз.

Бироқ ҳар доим ҳам бу нарса амалга ошавермайди. Чунки рақибга ҳам боғлиқ. Масалан, эртага “Андижон”га қарши учрашувда, балки бошқачароқ ўйин кўрсатишимиз мумкин. Чунки “Андижон” ҳам ҳужумкорроқ ўйин кўрсатади. Улар охирги икки учрашувини кўрдик. “Аркадаг” ва “Ал-Аҳли”га қарши баҳсларда голли вазиятлар яратишган. Эртага майдонда кўрамиз. Мураббий сифатида мен доим ҳужумкор футбол тарафдори бўлганман.

Осиё Чемпионлар лигасидаги икки ўйинини кузатдик. Қолаверса, миллий чемпионатдаги учрашувларини ҳам кузатиб бормоқдамиз. Жамоанинг нечта гол уриб, нечта гол ўтказганини ҳам биламиз. “Андижон”даги футболчиларни эркин айта оламан. Масалан, қирғизистонлик дарвозабон, 8-, 3-, 26-, 18-рақамли жамоа сардори, қолаверса, 22-рақамли футболчиси бизда яхши таассурот қолдирди. Тезкор, ҳар доим рақиб жарима майдончаси ичида юради.

“Андижон”ни жуда яхши таҳлил қилдик. Ҳар томонлама ўрганиб чиқдик. Қайси чизиқда қайси ўйинчиси қандай ўйнайди, ҳаммасини биламиз. Ким бош билан яхши ўйнайди, ким ҳимояда яхшироқ тўп суриши, айтаманки, эртага бизни жуда оғир учрашув кутяпти. Миллий чемпионат билан халқаро ўйиннинг фарқи бўлади. “Андижон” эртага бизга албатта бош оғриғи бўлишини биламан.

Ҳиссиётларга берилганим — бу мураббийликдаги одатим. Ҳаммада ҳам бўлади. Менда шунақа одат. Менимча, кўп мураббийларда шундай бўлади. Сабаби, ўйин пайтида футболчиларга кўрсатмалар берамиз, асабийлашамиз. Лекин одатда, футболчилар билан суҳбатлашганимда уларга позитивлик улашишга ҳаракат қиламан. Бу ҳолатларнинг барчасини футболнинг бир қисми деб айта оламан.

Бизга бундай ҳолат янгилик эмас. ОЧЛда иккинчи йил иштирок этаётган бўлсак-да, катта муҳитларда тўп сурганмиз. 40 минг мухлис қаршисида ўйнадик, Эронда 70 минг ишқибоз келган. Шу боис биз тайёрмиз. Эртанги ўйинга келсак, биз ҳам жуда яхши муҳитни кутяпмиз. “Андижон” мухлисларининг ўз жамоасини қандай қўллаб-қувватлашини биламиз. Бунинг учун ҳам тайёрмиз. Умид қиламанки, улар ҳам, “Андижон” ҳам, бизнинг ўйинимиздан завқ олади", — деди мутахассис.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг