Карло Анчелотти ва Бразилия терма жамоаси ўртасидаги келишув тафсилотлари маълум бўлди
Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи Карло Анчелотти фаолиятини Бразилия терма жамоасида давом эттириши мумкин. Ҳозирда томонлар шартнома шартлари борасида оғзаки келишувга эришган. Бу ҳақда Folha de S.Paulo нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, 65 ёшли мутахассис Бразилия терма жамоасида йилига 9 миллион евро маош олади. Агар терма жамоа 2026-йилги Жаҳон чемпионатида ярим финалгача етиб борса, Анчелоттининг маоши 11 миллион еврофа кўтарилади.
Қайд этилишича, италиялик мутахассиснинг “Реал Мадрид”ни тарк этиш ҳақидаги қарори аллақачон қабул қилинган ва бу “Барселона”га қарши ўйиндан сўнг расман эълон қилиниши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугун Испания Ла Лигасининг 35-туридан ўрин олган баҳсда “Барселона” ва “Реал Мадрид” ўзаро тўқнаш келади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 19:15 да старт олади.