Июль ойида томоша қилишингиз шарт бўлган 5 та ўйин
Июль ойи Ўзбекистон Суперлигаси мухлислари учун ҳақиқий футбол байрамига айланиши кутилмоқда. Турнир жадвалининг юқори қисмидаги жамоалар ўзаро тўқнаш келиши, тарихий дербилар, принципиал рақобатлар ва чемпионлик пойгасига бевосита таъсир кўрсатадиган учрашувлар футбол ишқибозларини кутмоқда. Биз июль ойида футбол мухлислари ўтказиб юбормаслиги керак бўлган бешта энг қизиқарли учрашувга алоҳида тўхталиб ўтамиз.
Нефтчи – Бухоро (12-тур, 16-июль)
Турнинг марказий учрашувларидан бири Фарғонада бўлиб ўтади. Мусобақа пешқадами Нефтчи 28 очко билан биринчи ўринда бораётган бўлса, Бухоро 20 очко билан кучли учликдан жой олган. Демак, бу баҳс чемпионлик пойгасига бевосита таъсир қилиши мумкин.
Жамоалар яқиндагина Ўзбекистон кубоги доирасида Бухорода тўқнаш келишган ва ўша учрашув голсиз дуранг билан якунланган. Ўтган мавсум Фарғонада кечган баҳс эса мезбонларнинг минимал – 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаганди. Ўшанда учрашув тақдирини 89-дақиқада Йован Йокич урган гол ҳал қилган. Бу сафар ҳам мухлисларни кескин ва муросасиз кураш кутмоқда.
Хўш, Нефтчи пешқадамликни мустаҳкамлайдими ёки Бухоро Фарғонадан қимматли уч очко билан қайтадими?
Пахтакор – Локомотив (12-тур, 17-июль)
Тошкент дербиси доимо ўзгача муҳитда ўтади. Бу сафар ҳам бундан мустасно эмас. Иккинчи ўриндаги Пахтакор (26 очко) олтинчи поғонадаги Локомотивни қабул қилади.
Бу жамоалар ўртасидаги баҳслар 2014–2019 йиллар оралиғида чемпионлик учун ҳал қилувчи ўйинларга айланган эди. Локомотив сафарда Пахтакорни охирги марта 2018 йилда 3:1 ҳисобида мағлуб этган ва айнан ўша ғалаба темирйўлчиларнинг чемпионлик йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири бўлган.
Жамоаларнинг Пахтакор стадионидаги сўнгги учрашувида эса мезбонлар 3:1 ҳисобида зафар қучган. Дониёр Абдуманнопов дубль қайд этган, яна бир голни Драган Черан урган бўлса, меҳмонларнинг ягона жавоб голига Сардор Абдунабиев муаллифлик қилган.
Тарих яна такрорланадими ёки Локомотив кўп йиллардан буён кутилган сафардаги ғалабасини қўлга кирита оладими?
Бухоро – Бунёдкор (13-тур, 21-июль)
13-турнинг марказий баҳсларидан бири Бухорода бўлиб ўтади. Турнир жадвалида учинчи ўринни эгаллаб турган Бухоро бешинчи поғонадаги Бунёдкорни қабул қилади.
Мазкур учрашув юқори поғоналар учун курашда катта аҳамият касб этади.
Статистика эса бу гал мезбонлар фойдасига эмас. Бухоро ўз майдонида 2017 йилдан буён Бунёдкорни мағлуб эта олмаяпти. Ўтган мавсумдаги учрашувда ҳам қалдирғочлар 2:0 ҳисобида устун келган. Ўшанда Бобур Йўлдошев ва Фране Икичнинг голлари меҳмонларга ғалаба келтирганди.
Хўш, Бухоро ниҳоят омадсиз сериясига якун ясайдими ёки Бунёдкор яна ноқулай рақиб эканини исботлайдими?
Бунёдкор – Пахтакор (14-тур, 26-июль)
26 июль куни қарийб йигирма йиллик тарихга эга Тошкент дербиси яна футбол ишқибозлари эътиборини ўзига қаратади. Ҳар икки жамоа турнир жадвалининг юқори қисмида бораётгани учрашув аҳамиятини янада оширмоқда.
Қизиғи шундаки, Бунёдкор Суперлигада ўз майдонида ўтган сўнгги бешта дербининг учтасида Пахтакорни мағлуб этган. Ўтган мавсум Бунёдкор стадионида ўтган баҳс эса 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланган. Ўшанда Темурхўжа Абдухолиқов ва Игор Сергеев гол муаллифига айланганди.
Бу гал дербида кимнинг қўли баланд келади? Бунёдкор ўз майдонидаги устунлигини давом эттирадими ёки Пахтакор принципиал рақибидан реванш оладими?
Нефтчи – Навбаҳор (14-тур, 28-июль)
Июль ойининг энг кутилган учрашуви шубҳасиз Фарғонада бўлиб ўтади. Нефтчи ўз майдонида азалий рақиби Навбаҳорни қабул қилади. Қолаверса, ўзбек футболининг ёш ва истиқболли мураббийлари Тимур Кападзе ҳамда Ислом Исмоилов ўртасидаги тактик дуэл ҳам баҳсга алоҳида жозиба бағишлайди.
Жамоаларнинг Фарғонадаги сўнгги учрашувлари доимо кескин ўтган. Ўтган мавсумдаги баҳс эса узоқ вақт мухлислар хотирасида қоладиган камбеклардан бирига айланган.
Ўшанда Нефтчи 1:2 ҳисобида ортда бораётганига қарамай, Зоран Марушичнинг иккита голи эвазига 3:2 ҳисобида ғалабани илиб кетган эди.