Ислом Исмоилов: Ёрдамчиларим билан гаплашгандим, нима қилсак тўртинчи голни ҳам урарканмиз, деб мулоқот қилгандик
“Нефтчи” - “Андижон” (3:0) учрашувидан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманиing иккинчи қисмида мезбонлар устози Ислом Исмоилов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Бугунги ғалаба билан бизга доим ёрдам бериб турган барчани табриклайман. Ўйинга келадиган бўлсак, барибир дербиларда ўйин қийин ўтади. Дерби ўз номи билан дерби. Дербилар бўлаётган пайтда жамоаларнинг жадвалдаги ўрнига қаралмайди. Иккала жамоа ҳам бор кучини майдонда намоён қилишга ҳаракат қилади. Бу дербидан олдин бир статистикага кўзим тушганди, Самвел Бабаян ҳали “Нефтчи” билан ўйинларда мағлуб бўлмаган экан. Ҳар ўйинда биз қандайдир нохуш анъаналарга чек қўяпмиз. Ўтган сафар ҳам “Сурхон” билан баҳсда жамоа 22 йилдан бери сафарда ғалаба қозона олмаётганди. Бунга барҳам бердик. Ўйлайманки, дербидаги ўйин ҳаммага ёқди, жамоа ажойиб ўйин кўрсатди.
- Журналистларга ҳам иш қолдирмаяпсиз. Сизга саволим йўқ, таклифим бор. Футболчилар 60 дақиқада иккита гол уриб қўйишяпти. Учинчи ё тўртинчи голни 90-дақиқаларда уришсин...
- Ёрдамчиларим билан гаплашгандим, нима қилсак тўртинчи голни ҳам урарканмиз, деб мулоқот қилгандик. Шунинг устида ўйлаяпмиз. Албатта, бу ёқимли ҳолат.
- Ҳужумчилар кўп вазиятларга эга бўлди. Уларни ўйинини қандай баҳолайсиз?
- Бизда иккита яхши савиядаги ҳужумчи бор. Иккаласи ҳам яхши ҳаракат қилишди. Айтганингиздек, кўплаб имкониятларга эга бўлишди. Ҳужумчи доим гол уриши керак дегани эмас. Бизнинг ўйин услубимизда бу ўйинни қуришдаги асосий устунлардан бири. Уларнинг ўйинига яхши баҳо бераман. Иккаласи ҳам прессингда яхши қатнашишди. Учрашувдан аввал жамоага максимал даражада прессингда қатнашиш талаби қўйгандик.
- Мухлислар ҳақида фикрингиз.
- Мухсликка гап йўқ. Фарғонада ҳар доим бу энг юқори даражада бўлган. Стадионда қўллаб-қувватлаган барчага чуқур миннатдорчилик билдираман.
- Кетма-кет учинчи ўйинда ҳам 3:0 ҳисоби қайд этилди. Бу тасодифми ёки қандайдир режа тузилганмиди?
- Бу тасодиф бўлса керак. Ҳеч қачон бунга режа қилмаймиз. Баъзида футболчилар натижадан келиб чиқиб тўп назоратига кўпроқ эътибор қаратишни бошлашади. Сабаби 60-дақиқагача жамоа катта куч йўқотди. Катта ҳажмдаги ишни бажаришди. Шунинг учун жамоа тўп назоратига ўтди. Доим кўпроқ голлар уришга ҳаракат қиламиз. Ўйин услубимиз ҳам ҳужумкор футбол. Биринчи бўлимдаги 1:0 дан кейин ҳам футболчиларга ҳеч қандай ҳимояни ўйламасдан фақат ҳужум қиламиз, деган кўрсатмаларни бердик. Бу бизнинг ғоямиз ва талабимиз. Футболчиларимизнинг маҳорати бунга жавоб беради. Эйфорияга берилмаймиз, шундай ишлашда ва 3 тадан кўпроқ гол уришга ҳам ҳаракат қиламиз.
- "Сурхон” ва “Машъал” билан баҳслардан фарқли биринчи бўлимни кўрдик. Олдинги учрашувларда қанотлардан узатмалар кўп бўлганди. Бугун эса бу ҳолат унча кузатилмади. Рақиб хавфни кўпроқ Перисадан кутганди. Бу танланган услубми?
- Жамоани қабул қилганимда ғоя аниқ эди. Аммо бу ғояга турли йўллар билан бориш вариантларини қидиряпмиз. “Андижон” таркибида бўйдор ҳимоячилари кўп. Шуни ҳисобга олиб ўйинни таҳлил қилганимизда ҳимоя ва ярим ҳимоя чизиғи орасида катта бўшлиқлар бор эди. “Сўғдиёна” ҳам, “Қизилқум” ҳам ярим ҳимоя ва ҳимоя орасида кўп тўп қабул қилишган. Шунинг учун футболчиларимизга айнан шу ҳудудларда кўпроқ тўпни қабул қилиш бўйича кўрсатма бердик. Ўйлайманки, биринчи бўлимда ҳам айнан шу ҳудудда кўп тўп қабул қилдик. Фақат қайсидир вазиятларда ижро етишмади ва айрим ҳолатларда рақиб ҳимоячилари яхши ҳаракат қилишди.
- 15 март куни бўладиган Суперкубокда Икром Алибоеў майдонга тушадими ва умуман муҳим ўйин олдидан фикрингиз қандай?
- Алибоеў жароҳатини тиклаш жараёнида. Барчаси ортида қолди. Бизда яна 5 кун вақт бор. Ким тайёр бўлса, ўшалар “Пахтакор”га қарши майдонга тушади. Максимал даражада ҳаракат қиламиз. Уларга қарши идеал ўйинимизни кўрсатиб, бу йил ҳисобидан жамоа учун биринчи совринни қўлга киритамиз.