«Барселона» янги «Камп Ноу» стадиони очилиши вақтида мухлисларга сюрприз тайёрлаганини маълум қилди
«Барселона» матбуот хизмати ўз уй стадионида, янги «Камп Ноу»даги илк ўйин давомида рамзий зарба вақтида махсус сюрприз тайёрланишини эълон қилди.
Учрашув 22 ноябр куни бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан 20:15 да бошланади. Каталонияликлар Бильбаонинг «Атлетик» клубини қабул қилади.
«Рамзий зарба ўзгача бўлади… Лекин биз буни сюрприз сифатида сақлаймиз», — дея хабар беради «Барселона» ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, июн ойининг охирида «Барселона» 2025 йил 10 августдан бошлаб ўз уй стадионига қайтишини расман эълон қилган эди. «Камп Ноу» 2023 йил ёзида реконструкция сабабли ёпилган.
Жорий мавсум бошида каталонияликлар стадион эксплуатацияси учун лицензия ололмагани сабабли уй ўйинларини «Олимпик Луис Компанис» аренасида ўтказган.