Асрор Ғофуров: «Бухоро»га қарши баҳсда омад ҳам биз томонда бўлди»
Суперлига 17-туридан ўрин олган “Қизилқум” – “Бухоро” (1:0) учрашувидан сўнг мезбонлар яримҳимоячиси Асрор Ғофуров Sports24.uz мухбири билан суҳбатлашди.
“Аввало Навоий халқини ажойиб ғалаба билан табриклайман. Ўйин тенг курашлар остида кечди. Осон бўлмаган ғалабани қўлга киритдик. Муваффақият қозонишни жуда хоҳлагандик. Шу сабаб охиригача курашиб, якунда ўз мақсадимизга эришдик. Аслида Суперлигада бирорта ўйинда шунчаки ғалаба қозониб бўлмайди.
“Бухоро”га қарши баҳсда жамоамиз аъзолари билан майдоннинг ҳар бир қаричи учун охирги дақиқасигача курашдик. Омад ҳам биз томонда бўлди дея оламан. Мураббийлар штаби берган барча кўрсатмаларга амал қилиб, уни бажаришга интиляпмиз.
“Қизилқум”га келишдан олдин Бангладеш чемпионатига қайтиб кетгандим. У ерда чемпионат якунланди. Ўзбекистонга қайтганимдан сўнг “Қизилқум”дан яна таклиф бўлди. Шундан сўнг жамоа сафига яна қайтишга қарор қилдим.
Суперлигада имкон қадар тепароқ ўринлардан бирини эгаллашни мақсад қилганмиз. Бунинг учун курашишда давом этамиз”, - дейди Ғофуров.