locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Асрор Алиқулов: “Ҳар томонлама “Навбаҳор”га ютқаздик”

Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Асрор Алиқулов: “Ҳар томонлама “Навбаҳор”га ютқаздик”
Фото: Машал ПФК

Ўзбекистон Суперлигасининг 14-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Машъал” (6:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида муборакликлар бош мураббийи Асрор Алиқулов қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Меҳмонлар устози одатдагидек, ўз сўзини учрашув борасидаги фикрлари билан бошлади.
- Ўйин бошидан концентрацияни йўқотдик ва ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Мағлубият учун мухлислардан узр сўраймиз. Мезбонлар гол уришганидан сўнг, вазиятни ўнглашга ҳаракат қилдик, аммо яна ўз дарвозамиздан тўплар ўтказиб юбордик. Таркиб танлашда ҳам хатога йўл қўйдик.
- Ҳимояда жуда кўп хатолар бўлди. Бунга сабаб нима?
- “Навбаҳор”да тезкор Одилов ва Жиянов бор. Уларнинг тезкорлиги ҳақида футболчиларга айтгандим, аммо биз кўп тўп йўқотдик. “Навбаҳор”нинг энг кучли қуролини ишга солишига қўйиб бердик. Улар қарши ҳужумга чиқиб кетишди.
- Ёзги “трансферлар” ойнасида “Машъал” кучаядими?
- Бу ҳақда кўп сўрашади ва мен ҳар доим кучайишимиз шарт, дея жавоб бераман. Айрим вазиятларда футболчиларимизга қобилият етишмайди. Суперлигада темп жуда баланд, бундай босим ва темп остида ўйнай оладиган футболчилар керак. Иккинчи даврада шу савияга мос футболчиларни олишимиз керак.
- “Машъал”нинг бугун ўйини чиқмади. 1995-йили “Навбаҳор” муборакликларни 8:0 ҳисобида мағлубиятга учратган. Бу “Навбаҳор”нинг навбатдаги йирик ҳисобдаги ғалабаси. Бундай йирик ҳисобдаги мағлубиятнинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Ўтган учрашувда жамоангиз “Нефтчи”ни мағлуб этган эди. 0:6 ҳисобидаги мағлубиятнинг сабаби нимада?
- Чарчоқ ёки иссиқ ҳаво, деган гаплар қуруқ баҳона, холос. Ўйинга яхшироқ тайёргарлик кўриш масаласи. Биз рақиб тезкор эканлигини билар эдик. Қайсидир вазиятга эътиборлироқ бўлишимиз керак эди, қолган вазиятларда эса маҳорат етишмади. “Навбаҳор”нинг маҳоратини ҳам ҳисобга олиш керак.
Бирга-бир вазиятларда мезбонлар ютиб чиқаверишди. Икки қанот футболчилари ва Ғуломов жуда яхши ўйнашди. Биз тайёр эмас эдик. Ҳар томонлама “Навбаҳор”га ютқаздик.
- Кўп мураббийлар жамоаси мағлуб бўлганида, об-ҳаво ёки бошқа сабабларни айтар эди. Сизнинг фикрингизча, қайси жамоалар чемпионликка асосий даъвогар ва қайси клублар Суперлигани тарк этиши мумкин?
- Фаворитлар – “Насаф”, “Пахтакор”, “Нефтчи” ва “Навбаҳор”. ОКМКни ҳам эсдан чиқармаслик керак. Мусобақа жадвалининг қуйи қисмидаги жамоаларга тўхталадиган бўлсам, бу иккинчи даврада ким қандай кучая олишига боғлиқ.
- Ўзбекистон кубоги ҳақида қандай фикрдасиз?
- Кубокни кучли жамоалар тарк этди. “Нефтчи”га қарши кечган ўйиндан сўнг ҳам айтган эдим. Ҳар бир учрашув ҳам ўхшайвермайди. Қаердадир “Нефтчи” суст ҳаракат қилди. Масалан, бугун ҳам тайёргарлик кўргандик, аммо умуман бошқача ўйин бўлди. Оддий ҳолатларда тўпни йўқотиш ва хатолар. Қайси жамоалар ғалаба қозониши ҳақида олдиндан фикр билдириш қийин.
- “Машъал” жамоасининг Суперлигадаги мақсадлари қандай?
- Биз Суперлигага қайтдик. Мақсадимиз ўз ўрнимизни сақлаб қолиш.
- “Машъал” клубининг яхши академияси бор. Мазкур академиянинг ёш футболчиларини таркибда кўрамизми?
- Селекция масаласида гапиришим мумкин. Бизнинг Суперлигада қатнашишимиз бироз кечроқ ҳал бўлди. Шу сабабли, биз трансферларга кеч киришдик. Биз клубсиз қолиб кетган футболчилар билан шартнома туздик. Ёшларимизга ҳам эътибор бор, аммо Суперлига даражасида ўйнай оладиган футболчилар йўқ. Яқин келажакда, “Машъал” жамоасидан ҳам ёш ва иқтидорли футболчилар етишиб чиқишади.
- “Навбаҳор”"ни ўрганган эдик, дедингиз. ОКМК ҳам ўтган учрашувни ҳужумкор руҳда бошлади, аммо биринчи бўлиб, ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборди. Бугун “Машъал” ҳам ҳужумга ўтди ва дастлабки қарши ҳужумдаёқ ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. “Машъал”нинг бугунги учрашувга тайёрлаган режаси қандай эди?
- Бизда босим уюштириш мақсади йўқ эди. Биринчи вазият бизда бўлди. Бирга-бир имкониятга эга бўлган эдик, аммо гол ура олмадик. Ўша вазият учрашувдаги бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин эди. Ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик ҳамда ўша вазиятда сусткашликка йўл қўйдик. Иккинчи голга ҳам тайёргарлик кўрган эдик. Жиянов кўпроқ ҳимоячилар ортидан очилишини билардик. Биринчи бўлимдан сўнг, ўйин натижаси ҳал бўлган эди. Футболчиларнинг савияси ва руҳий жиҳати бунга сабаб бўлди.
- “Машъал”га берилаётган эътибор қандай ҳамда клуб ичидаги муҳит ҳақида гапириб ўтсангиз?
- Кўпчилик шу масала билан қизиқмоқда. Бизда ҳомий бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ. Ойликлар ўз вақтида тўланмоқда. Ички муҳит ҳам ёмон эмас. Кўп ротация қиляпмиз. Бугунги мағлубиятни унутишимиз ва кейинги учрашувга тайёрланишимиз керак.

Розикжон Султонмуродов
Розикжон Султонмуродов
Журналист
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг