«Арсенал»да жиддий хавотир: Уильям Салиба Жаҳон чемпионати ярим финалида жароҳат олиб майдонни тарк этди
«Арсенал»да жиддий хавотир: Уильям Салиба Жаҳон чемпионати ярим финалида жароҳат олиб майдонни тарк этди
Франция терма жамоаси сафида бу ёзги турнир давомида жароҳат билан ўйнаб келаётган марказий ҳимоячи Уильям Салиба ЖЧ-2026 ярим финалида майдонни тарк этишга мажбур бўлди.
«Арсенал» учун бу ҳолат жиддий хавотир уйғотди. Салиба Франциянинг Испанияга қарши учрашувида жароҳат сабаб алмаштирилди. Унинг ўрнига Максанс Лакруа майдонга тушди. Техас штати Арлингтон шаҳрида ўтаётган баҳснинг биринчи бўлимида Франция 0:1 ҳисобида ортда қолаётган эди.
Европа чемпиони Испания ҳисобни пеналтидан очди. Микель Оярсабал 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга оширди. Пеналти эса Франция ҳимоячиси Люка Дин жарима майдонида юқоридан келган тўпни нотўғри баҳолаб, Ламин Ямалга зарба берганидан сўнг белгиланди.
Биринчи бўлим охирларига яқин Дидье Дешам ва Франция яна бир йўқотишга дуч келди. Тахминан 30-дақиқада Салиба тўп билан ҳаракатланаётганида ерга йиқилди ва белининг пастки қисмини ушлаб қолди.
«Арсенал» ҳимоячиси ўйинни давом эттира олмаслиги аён бўлди. Шундан сўнг “Челси”нинг трансфер мақсадларидан бири бўлган Лакруа мураббий кўрсатмаси билан тезда қизиш машқларини бошлади.
Тиббий кўрикдан сўнг Салибанинг тўлиқ 90 дақиқа ўйнай олмаслиги маълум бўлди ва унинг ўрнига «Кристал Пэлас» ҳимоячиси майдонга туширилди.
Салиба аввалроқ ушбу ёзги турнир давомида белидаги муаммо билан ўйнаб келаётганини тан олганди. У Испанияга қарши ярим финал олдидан жиддий муаммо сезмаган эди.
25 ёшли футболчи Франциянинг Ироққа қарши гуруҳ босқичи ўйини олдидан шундай деганди:
— Бир неча ойдан бери майда безовталиклар бор. Чемпионлар лигаси ва Премьер-лига сабаб тишни тишга қўйиб ўйнашга мажбур бўлдим. Аммо мураббийлар штаби бу ҳолатни жуда яхши назорат қилмоқда.
— Жаҳон чемпионати ҳар тўрт йилда бир марта бўлади, шунинг учун бундай пайтда чидашга тўғри келади.
— Мен 100 фоиз тайёр эмасман. Лекин 100 фоиз тайёр бўлмаган футболчилар кўп. Буни баҳона қилиб бўлмайди.