locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

\"Андижон\" клуби собиқ бош директори Улуғбек Мирзаев: \"Хомяковнинг кетишига асосий сабаб \"Лочин\"дан учралган мағлубият\"

Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
"Андижон" клуби собиқ бош директори Улуғбек Мирзаев: "Хомяковнинг кетишига асосий сабаб "Лочин"дан учралган мағлубият"
ФОТО: FC Andijon

Ўзбекистон кубогининг амалдаги соҳиби "Андижон" клуби бош мураббийи Александр Хомяков истеъфога чиқарилди.

Sports24.uz сайти бу истеъфо борасида "Андижон" клубининг собиқ бош директори Улуғбек Мирзаев билан суҳбатлашди.

- Улуғбек ака, Александр Хомяковнинг истеъфосига нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?

- Аслида "Андижон" учун мавсум яхши бошланганди. Суперлигадаги дастлабки 5 та учрашувда 2 та ғалаба ва 3 та дуранг билан 9 очко тўпланди. Кейин Кубокда "Сурхон"дан мағлубият, Суперлигада яна иккита мағлубият кузатилди. Бошқа клубларга қарасангиз уларда ҳам мағлубиятлар кузатилди.

Масалан, чемпионликка даъвогар деб айтилган "Пахтакор" ҳам мавсумни мағлубиятлар билан бошлади. Кубок доирасида Қашқадарё давлат университетига қарашли, ярим профессионал "Лочин" клубидан учралган сенсацион мағлубият менимча истеъфога асосий сабаб бўлди. Айнан шу мағлубият раҳбариятни ҳам, мухлисларни ҳам жунбушга келтиргани бор гап.

- Хомяковнинг ўзи билан гаплашмадингизми?

- Тўғриси кечаги истеъфодан сўнг Александр Андреевич билан гаплашдим. "Лочин"дан учралган мағлубиятдан кейин Хомяковнинг ўзи раҳбариятдан истеъфо сўраган экан. Бундай аламли мағлубиятни кўтара олмаслиги ва мухлислар олдида уятда қолганини билдирган. Бироқ раҳбарият унга ОКМК ва "Нефтчи" билан ўйинларда яна имконият беришга қарор қилганди.

ОКМК билан учрашувнинг биринчи таймидан кейин 3:1 ҳисобида олдинда бориб, рақиб 10 киши бўлиб қолганига қарамай якунда 3:4 ҳисобидаги қашқатқич мағлубиятдан кейин клуб раҳбарларининг сабр-косаси тўлган ва Хомяковни ўйин тугаши билан ишдан бўшатишган экан. Истеъфода мухлислар салмоғи ҳам роль ўйнагани табиий.

- Мураббий салбий натижаларга нимани сабаб қилиб кўрсатди?

- Асосий сабаблардан бири сифатида жамоага Осиё чемпионлар лигаси 2 мусобақасида ёрдам беради деб олиб келинган янги футболчилар у кутган даражадаги ўйинни кўрсата олмаганида деб кўрсатди. Масалан, Машуков, Джуричкович, Шайкулов, Исмоналиев, Абдуманнопов, Раҳимов ва Зотеев бош мураббий кутганчалик ўйнай олишмаган экан.

Шахсий фикримча, жамоага легионерлар захирада ўтириш учун олиб келинмаслиги керак, агар легионер захирада қолиб кетяптими? Демак бу трансферда нимадир хато кетган бўлади.

- "Андижон"га қандай мураббий олиб келиниши керак деб ҳисоблайсиз?

- Ҳозирча жамоани вақтинча Хомяковнинг ёрдамчиси бўлган Артём Петросян бошқариб турар экан. Бу тўғри қарор. Сабаби янги мураббийни дарҳол олиб келиш тўғри бўлмайди. Менга қолса сўнгги замонавий тенденциялар ва технологияларни тушунадиган хорижий мураббий олиб келиш керак. Бутун мураббийлар штабини янгилаш керак. Лекин шошиш керак эмас.

Масалан, номзод мураббийни Андижонга таклиф қилиш керак. У келсин, жамоанинг ўйинларини кўрсин, инфратузилма билан танишсин ва шундан кейин шартнома тузилсин. "Насаф" ёки ОКМК каби барқарор тизим яратилиши керак.

Ҳар йили жамоа таркиби бутунлай алмашавериши керак эмас. Янги мураббийга тахминан 3 йил имконият бериш керак. Шундан кейин 2027 йилларга "Андижон" клубидан катта натижалар талаб қилса бўлади. Сабаби айни пайтда клубда барқарор ҳомий бор, стадион бор, клуб базаси ҳам деярли битиб қолди, ашаддий мухлислар бор.

Демакки, янги келадиган мураббий олдига 2027 йилда сиздан каттароқ натижа талаб қиламиз, деб шарт қўйишса ҳам бўлаверади.

Фарҳод Файзиев
Фарҳод Файзиев
Эксперт
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг