Аббос Ғуломов: \"Бухоро\"ни мағлубиятга учратиш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз\"
Суперлига 7-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Бухоро” ўйини арафасида мезбонлар ярим ҳимоячиси Аббос Ғуломов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Бўлажак рақибимиз “Бухоро” ҳимояда тартибли ҳаракат қилади ва кўплаб жамоаларга «бошоғриқ» бўлмоқда ҳамда жамоамизга ҳам муносиб қаршилик кўрсатишга интилади.
Ўтган турда Термизда “Сурхон”га аламли тарзда мағлубиятга учраб, ишқибозларни ранжитиб қўйдик. Шу боис бухороликлар билан бўладиган беллашувда майдонга ғалаба иштиёқида тушиб, мухлисларга қувонч улашиш, зафар қучиш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.
Ишқибозлардан эса жамоамизни бевосита стадионда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, ғалабамизга мададкор бўлишларини сўраб қоламан. Биз эса таъкидлаганимдек, уларнинг ишончларини оқлаш, уйларига хурсанд ҳолда қайтишлари учун рақибни мағлубиятга учратишга ҳаракат қиламиз", — дея 26 ёшли футболчининг сўзларини келтиради клуб матбуот хизмати.