Жеса Мабепа Айесса – «Динамо» футболчисига айланди
«Динамо» жамоаси 2026 йилги мавсум олдидан селекция ишларини давом эттирмоқда.
Клуб 2026 йилги янги мавсум олдидан ҳимоя чизиғини ҳам кучайтиришни режалаштирган. Вадим Абрамов бошчилигидаги мураббийлар штаби таклифига кўра, «Динамо» ПФК франциялик 25 ёшли марказий ҳимоячи Жеса Мабапе Айесса билан бир йиллик шартнома бўйича келишувга эришди. Франциялик легионер клубимиз сафига эркин агент сифатида қўшилади.
Келиб чиқиши конголик Жеса Айесса Франция фуқароси саналиб, ўтган йиллар давомида «Сошо», «Гёнён», «Роморантин», «Ле Пюи», 2025 йилда эса Франция 2-дивизион вакили «Аяччо» шарафини ҳимоя қилган. У аяччоликлар сафида 2024/25 йилги мавсумда 25 ўйинда майдонга тушган.
Ишонамизки, Айесса ўз ўйинлари билан жамоамиз мухлисларини хурсанд қилиб, Ўзбекистон Суперлигасида ҳам ном қозона олади.
«Динамо» жамоасига хуш келибсан, Жеса Айесса!",- деб ёзилади клуб расмий саҳифасида.