Ямаль: «Рақиб тўпга эгалик қилса, бу биз учун муаммо эмас»
Испания терма жамоаси вингери Ламин Ямаль Миллатлар лигасида Англия устидан қозонилган 3:2 ҳисобидаги ғалабадан кейин учрашув ҳақида фикр билдирди.
19 ёшли футболчи баҳснинг 2-дақиқасида ҳисобни очди. Бироқ англияликлар биринчи бўлим охирига қадар Энтони Гордон ва Гарри Кейннинг голлари эвазига олдинга чиқиб олди. Танаффусдан кейин Испания Алекс Баэна ва Микель Оярсабальнинг голлари билан вазиятни ўз фойдасига ўзгартирди.
«Рақиб тўпга эгалик қилса, бу биз учун муаммо эмас. Ахир, жамоамизда жуда тезкор футболчилар бор ва биз қарши ҳужумларда самарали ўйнай оламиз. Бир неча кун олдин айтганимдек, ҳар бир учрашувда нимани талаб қилишларини тушуниш муҳим. Биз буни уддаламоқдамиз», — деди Ямаль The Touchline нашри келтирган изоҳида.
Испания терма жамоаси кейинги учрашувини сешанба куни ўз майдонида Хорватияга қарши ўтказади.