locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Суперлига клублари ЖЧ-2026 саралаши учун қанча пул ишлаб топади?

Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар берди.
Суперлига клублари ЖЧ-2026 саралаши учун қанча пул ишлаб топади?
Фото: UzPFL

Жорий йилнинг 5-июн санаcида FIFA 1965-сонли циркулярини чиқариб, Жаҳон кубоги саралаш ва финал босқичларида иштирок этган футболчилари учун клубларнинг компенсация олиш жараёни хусусида маълумот берди.

Мазкур ҳужжатга кўра, саралаш босқичи учун тўловлар футболчи расмий учрашув қайдномасига киритилгани бўйича тўланади. Саралаш босқичи учун ажратилган сумма, аввал хабар қилинганидек, 100 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, унинг тақсимоти натижасида, клуб ҳар бир футболчисининг Жаҳон кубоги саралаш босқичидаги битта учрашув қайдномасига киргани учун, тахминан, 2 362 АҚШ доллари миқдорида компенсация олади.

Лиганинг тахминий ҳисоб-китобига кўра, ўзбек клублари Жаҳон кубоги саралаш босқичига футболчиларини юборгани учун юқоридаги суратда кўрсатилган миқдорда компенсация олади. Ушбу ўринда, FIFAнинг якуний хулосалари турли сабаблар юзасидан Лиганинг тахминий ҳисоб-китобидан бироз фарқ қилиши мумкинлигини эслатиб ўтамиз. Шунингдек, FIFA тақдим этган циркулярга асосан, Жаҳон кубоги саралаш босқичидаги учрашувларда ўйин қайдномасига киритилган футболчи учун унинг майдонга тушган ёки тушмаганидан қатъи назар компенсация тўлаб берилади.

Шунингдек, Жаҳон кубоги асосий мусобақаси учун FIFA томонидан 250 миллион АҚШ доллари ажратилган бўлиб, клублар ўз футболчиларининг турнир якуний қайдномасига киритилган ҳар бир куни учун, тахминан, 5 000 АҚШ доллари миқдорида компенсация олади. Клубларимизнинг Жаҳон кубоги якуний босқичида қанча пул ишлаб топгани бўйича маълумот Лига томонидан турнир якунида алоҳида тақдим этилади. Лига миллий жамоамизга мусобақада муваффақият тилаган ҳолда, турнирда имкони борича узоқроққа бориш орқали клубларимиз ўз футболчилари учун янада кўпроқ компенсация пуллари қабул қилишга умид билдиради.

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг