ПФЛ мундиал сабаб 2026 йилги тақвимда ўзгаришлар бўлишини маълум қилди
ПФЛ келаси мавсумда Суперлига тақвими ва мамлакат кубогида ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
«Келаси йил Ўзбекистон миллий жамоаси тарихда илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Ўз навбатида, Лига тақвим режа ишлаб чиқаётганда мазкур масалани инобатга олиши лозим.
Шу йилнинг 31 июл санасига қадар биз ФИФА иш режасига футболчиларни расмий мусобақалар учун рўйхатдан ўтказиш даврини юклашимиз лозим эди. Шундан келиб чиқиб, 2026 йилги мавсум учун қишки трансфер ойнаси шу йилнинг 5 декабр санасида очилиб, келаси йилнинг 20 февралига қадар давом этиши белгиланди. Навбатдаги ёзги трансфер ойнаси эса 22 июндан бошлаб 24 июлга қадар давом этади.
Маълумки, келаси йилнинг 1-9 июн саналари ФИФА кунлари сифатида белгилаб қўйилган. Мундиал эса 11 июн куни старт олиб, 19 июлга қадар давом этади. Мусобақанинг гуруҳ босқичи 27 июн куни якунига етади. Шундан келиб чиқилса, Ўзбекистонда июн ойида одатдаги тартибда расмий учрашувлар ўтказишда чекловлар бўлиши мумкин. Регламентга кўра, миллий жамоага уч ва ундан ортиқ футболчиси жалб этилган клуб расмий учрашувни кўчиришни сўраб Лигага мурожаат қилиши мумкин. Айни вақтда қайси клуб билан бундай ҳолат юз бериши Лигага маълум эмас. Қолаверса, миллий жамоа устозлари июн ойидаги ФИФА кунларида кенгайтирилган таркиб билан машғулот ўтказиши эҳтимоли мавжуд. Жаҳон чемпионати давом этаётган бир вақтда миллий чемпионат ўйинларини ўтказиш эса мантиққа тўғри келмайди.
Шундан келиб чиқилса, бизда уч вариант мавжуд:
• «Суперлига ва Пролига регламенти» 10.9-бандига ўзгартириш киритиш ҳамда июн ойидаги ФИФА кунлари давомида ҳеч бўлмаганда Ўзбекистон кубоги мусобақасини давом эттириш ҳамда ўртадаги катта танаффус муддатини бироз қисқартириш (Африка миллатлар кубогига 3 нафардан кўпроқ футболчисини юборган АПЛ клублари расмий учрашувларда давом этади);
• июн-июл ойларида катта танаффус эълон қилиб, мавсумни август ойидан бошлаб давом эттириш ва кубок форматига ўзгартириш киритиш;
• июл ойининг экваторидан бошлаб мавсумни давом эттириш, катта танаффус муддатини бироз қисқартириш ва барча мусобақаларни ўз форматида қолдириш.
Мазкур масалалар Лига ва клублар иштирокидаги йиғилишда ўзаро ҳал қилинади. Шу хусусда Лига бир қатор мутахассислар, жумладан, Рўзиқул Бердиев, Миржалол Қосимов, Темур Кападзе, Вадим Абрамов кабил мутахассислар фикри билан қизиқди. Ва албатта қолган клублар ҳам бу борада ўз таклифлари билан иштирок этади.
Айни вақтда 2026 йилги мавсум учун ишчи тақвим режа ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра мусобақа феврал ойининг сўнгги кунларида старт олиши ва май ойи якунига қадар Суперлиганинг 15 та тур учрашувлари ўтказилиши режалаштирилган. Мусобақанинг старт олишида «Насаф» ва «Андижон» клубларининг ўзи иштирок этаётган халқаро мусобақалар гуруҳ босқичидаги эҳтимолий муваффақият ёки муваффақиятсизлигига эътибор қаратилади. Шунингдек, ёзги трансфер ойнаси очилгунга қадар Суперлиганинг тенг ярми ортда қолишига эътибор қаратилади.
Мазкур ҳолатда кубок форматини ўзгартиришга эҳтиёж туғилади. Унга кўра, гуруҳ босқичи бекор қилинади, Суперлига ва Пролига клублари 1/16 финалдан эътиборан қўшилади. Бунда ҳар бир босқичда жамоалар фақатгина битта ўйинда майдонга тушади, мағлуб жамоа мусобақани тарк этади. Боиси, мавсумнинг иккинчи ярмида ҳам халқаро тақвимнинг зичлиги айрим қийинчиликларни келтириб чиқаради.
Жумладан, ФИФА кунлари шу вақтга қадар 9 кунни ташкил қилган бўлса, 2026 йилнинг сентябр ва октябр ойига режа қилиниши керак бўлган ФИФА кунлари қўшиб юборилган ва у умумий 16 кундан иборат бўлади. Шундан келиб чиқиб, Суперлига клублари бу вақт оралиғида қўшимча яна 18-20 кунлик танаффусга чиқишига тўғри келади. Шуларни инобатга олиб, Лига таклиф қилаётган тақвимда Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми 30 ноябрга қадар ниҳоясига етиши режалаштирилган. Ўзбекистон кубогининг яримфиналига қадар етиб келган 4 та клубгина декабр ойида ҳам расмий учрашувлар ўтказишига тўғри келади.
Сир эмаски, Лига кубок финалларига сўнгги йилларда катта эътибор қаратиб келади. Бунинг учун финал иштирокчилари аввалдан аниқлаб олиниши ва режа шу асосда олиб борилиши муҳим. Бироқ 2026 йилги ишчи режада бу бироз мураккаб ҳисобланади (кубок яримфиналига қадар етиб кела олмаган клубларнинг мавсумни эртароқ якунлаши масаласи ҳам бор). Шундан келиб чиқиб, яримфинал ва финалдан жой олган умумий 3 та беллашув марказлашган тарзда — финал босқичи мақомида ўтказилиши мумкин. Яъни, яримфиналга қадар етиб келган барча 4 та клуб финал босқичи учун бир шаҳарда тўпланади. Финалга оид тадбирларнинг барчасида мана шу клублар умумий иштирок этади, бундаги барча масалалар Лига томонидан олиб борилади.
Мазкур мавзу жамоатчилик муҳокамаси учун қўйилаётган бўлиб, август ойи якунида Лига барча клублар иштирокида йиғилиш ўтказади ва юқоридаги масалаларни улар билан келишади. Клублар ўз таклифини ишлаб чиқиши учун етарли вақт бўлиши, шунингдек, келаси йилга мўлжалланган тақвим Ассоциацияда ҳам таҳлил қилиниб, ташкилот бу борада ўз фикр ва мулоҳазалари билан иштирок этиши Лига учун муҳим ҳисобланади. Бу ўз навбатида Ассоциация миллий жамоанинг келгуси йил учун режаларини тезроқ ишлаб чиқиши ва эҳтимолий шошилинч ўзгаришларга йўл қўйилмаслигида асқатади», — дейилади хабарда.