Мирко Еличич: «Навбаҳор» таркибида яхши футболчилар йиғилган»
Суперлиганинг 20-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Локомотив” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Мирко Йеличич қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
“Темирйўлчилар” устози одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлри билан бошлади.
- Жисмоний ва техник томондан бу ўйин иккала жамоа учун ҳам шундай қийин бўлишини кутгандик. Тактик томондан бу майдонда ҳаракат қилиш жуда қийин. Нимадир қилмоқчи бўлсанг, ўзгартиришга мажбур бўласан. Бугун иккала жамоа ғалаба учун курашди ва бунга хоҳишлари юқори эди. Ҳозир таркибимизда бир қанча асосий футболчилар йўқ. Шу сабабли ротацияда қийналдик, ўзимизнинг энг зўр таркибимиз билан кела олмадик.
- Темурхўжа Абдухолиқов қанот ҳаками билан айрим вазиятларда тортишди...
- Бундай ҳолатлар барча ўйинларда бўлади. Иккала томон ҳам ўзи учун ҳақ, тўғри томонни топиб бўлмайди. Бундай ҳолатлар билан ҳакамларнинг ўзлари шуғуллангани маъқул. Бугун айрим вазиятлар бўлди-ки, биз учун ёқимли бўлмади. Футбол шунақа, мухлислар тўла стадионда ҳиссиётларни бошқариш қийин. Чегарада бўлишга ҳаракат қилдик.
- Уч ўзгаришдан кейин жамоанинг ўйини ўзгариб кетди. Бу режадаги ўзгаришлармиди?
- Бизга нималар етишмаётганини кўрдик ва кимлар орқали буларни ўзгартира олишимизни тушундик. Шуҳрат Муҳаммадиев ўзида бироз жароҳат ҳис қилди. Уни майдонда қолдириш - хавф остига қўйиш бўларди. Диёр Туропов анчадан буён майдонга тушмаганди ва унга амалиёт беришни истадик. 30 дақиқа яхши ўйнади, унинг жисмоний ҳолати кўпроқ дақиқаларга етмасди. Менимча, футболчиларни алмаштиришни кечроқ бошладик, деб ўйлайман.
- Асосий таркибнинг тўрт футболчиси - Абраев, Шодибоев, Реимов ва Ибраимовлар термалар йиғинларида. Уларсиз таркиб тузиш қанчалик қийин бўлди?
- Албатта, бизга қийин бўлди. Уларнинг барчаси ҳужумкор футболчилар ва деярли ҳужумчилар. Улар тезликни оширишда ёрдам беришади. Бугун Туропов ва Яхшибоевдан ташқари захирада асосан ёшлар ўтиришди. Бугун таркибда бўлмаганларни ҳисобдан чиқариб туриш жуда қийин бўлди. Олдимизда деярли танлов қолмаганди, машғулотларда ҳам уларнинг ўрни билинди. Ҳали улар бир ой давомида таркибда бўлишмайди. Бу ҳам бизга қийинчиликлар туғдиради.
- Ушбу ўйингача “Навбаҳор” кетма-кет олти ўйинда ғалаба қозонганди. Ушбу жамоанинг чемпионлик имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Жуда қийин. Жадвал юқорисидаги икки жамоа анчагина олдинлаб кетган. Уларни “ушлаб олиш” менимча энди иложсиз. "Навбаҳор" эса сифатли жамоа, у жадвалнинг юқори қисмида бўлади. Таркибда яхши футболчилар йиғилган. Лекин барибир 1 ёки 2-ўринга кўтарилиш жуда қийин, деб ўйлайман.
- Ушбу мавсумда “Локомотив” ўз олдига қандай мақсад қўйган? Жамоанинг кучли учликка кириш имконияти қандай?
- Барқарор жамоа қуришни мақсад қилганмиз. Йиғилган таркибга аҳамият берсангиз, тажрибали футболчилар орқали ёш футболчиларни пишитиб олишни мақсад қилганмиз. Уларга кўпроқ имконият берсак, келгуси мавсумда улар бизга яхшигина ёрдам беришади. Олдимизга конкрет мақсад қўйилмаган.