Медаллар тақдирини ҳал қиладиган ўйин: «Динамо» сўнгги турда Қаршида «Насаф»га қарши ўйнайди
«Динамо» жамоаси мавсумдаги сўнгги учрашувида сафарда ўтган йилги чемпион «Насаф»га қарши ўтказади.
Нафақат Суперлига 30-турининг, балки мавсумнинг энг муҳим тўқнашувларидан бирига айланган Самарқанд ва Қашқадарёнинг бош клублари ўртасидаги баҳс Суперлигада кумуш ёки бронза медали соҳибини аниқлаб беради.
2025 йилги мавсумда энг катта ўсишга эриша олган Вадим Абрамов бошчилигидаги «Динамо» жамоасининг тарихий баҳсида юзлаб мухлислар жамоамизни қўшни вилоятда қўллаб-қувватлаши кутилмоқда. Биринчи даврадаги ўзаро баҳсда 2:2 ҳисоби қайд этилган бўлса, 2024 йилги Қаршидаги учрашувда 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Бу сафар жамоамизнинг ҳар бир аъзоси кўҳна шаҳар жамоаси тарихидан жой олишни мақсад қилган.
Бутун мавсум давомида қарийб 4,5 миллион аҳолига эга Самарқанд вилоят аҳлига олам-олам қувонч ва ҳаяжонли лаҳзаларни тақдим этган «Динамо» жамоаси мавсумни тарихий натижа билан якунлаш учун сўнгги сонияларгача курашади.
Суперлига. 30-тур
29 ноябр (шанба)
«Насаф» - «Динамо»
Ўйин бошланиш вақти: 15:00
Стадион: Қарши, “Марказий”.