Кристал Пэлас – Манчестер Сити: Хусанов Англия Кубоги финалида майдонга тушадими?
17 май куни Лондондаги “Уэмбли” стадионида Англия Кубоги финали бўлиб ўтади. Унда “Кристал Пэлас” ва “Манчестер Сити” жамоалари ғолиблик учун кураш олиб боради. Ўйин Тошкент вақти билан соат 20:30 да бошланади. Учрашувга Стюарт Атвелл ҳакамлик қилади.
Ўзбек футбол мухлислари учун асосий қизиқиш финал натижасидан кўра бошқача: Абдукодир Хусанов майдонга тушадими?
Клубнинг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида чоп этилган суратда Хусанов жамоанинг асосий футболчилари — Эрлинг Холанд, Бернарду Силва, Савино ва тажрибали дарвозабон Скотт Карсон билан бирга тасвирланган. Бу эса унинг ўйин учун қайдномага киритилганини ва жисмоний жиҳатдан тайёр эканини англатиши мумкин.
Хусанов март ойидан бери жамоа сафида расмий ўйинларда иштирок этгани йўқ. Бу вақт мобайнида у олти ўйинни ўтказиб юборди — баъзисида захирада, баъзисида эса қайдномага ҳам киритилмади. Бу ҳолат жамоа ҳимоясидаги кучли рақобат билан боғланмоқда. Айниқса, Рубен Диаш, Натан Аке, Йошко Гвардиол ва Мануэль Аканджи каби футболчилар асосий таркибда мустаҳкам жой эгаллаб турибди.