locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Ҳатто бойлар ҳам йиғлайди! Шайхлардан тортиб олинган кубок!

Мақолалар
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Photo: gettyimages
Англия кубоги
17.05.2025, Як.
Кристал Пэлас
1
Манчестер Сити
0

“Кристал Пэлас” чўққида, “Манчестер Сити” эса жарга қуламоқда. Ўтган асрнинг сўнгги декадаларида “бойлар ҳам йиғлайди”, - деб номланган Мексика сериаллари бўлар эди.

Бугундан бошлаб ҳатто Лондоннинг кичик маҳаллаларидан бирида ҳам Англия кубоги бор. “Кристал Пэлас” ушбу совринни “Манчестер Сити”нинг эгалари бўлган қудратли араб шайхларининг қўлидан тортиб олди.

“Бургутлар” сўнгги бор 1990 йилги финалда ҳам Англия кубогини ютиб олишга ҳаракат қилган эдилар, бироқ ўша пайтдаги сэр Алекс Фергюсоннинг даҳшатли “Юнайтед”ига мағлуб бўлишганди.

Бугун ўша тарих, иккинчи ва учинчи дивизиондаги ютуқларни ҳамда 1985–92 йиллар оралиғида бўлиб ўтган “Бутун аъзолар кубоги”даги ғалабаларни ҳисобга олмаганда, ниҳоят “Кристал Пэлас” томонга табассум қилди.

Кўпчилик томонидан финал учрашуви тўлиғича “Манчестер Сити”ники бўлади деб тахмин қилинган эди. Бунинг учун етарлича сабаблар бор эди: масалан, Пеп Гвардиоланинг мавсумдаги сўнгги соврин учун имконияти, ўйини пасайиб бораётган Эрлинг Холанднинг яна ўзига ишонч орттириши ёки клуб афсонасига айланган Кевин Де Брейюненинг охирги учрашуви кабиларни кўрсатиш мумкин.

Aммо, “Уембли”даги финалда Оливер Глазнер жамоасининг мустаҳкамлиги ва Эберечи Эзенинг ранг-барангликлари эвазига таҳмин қилинган барча эпизодлар “оёғи осмондан” бўлиб кетди.

Жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган яна бир асосий вазиятлардан бири Дин Ҳендерсоннинг аралашуви билан боғлиқ бўлди. “Кристал Пэлас” дарвозабони 25-дақиқада норвегиялик марказий ҳужумчининг гол уриш учун келаётганини кўриб, жарима майдончасидан ташқарида тўпни қўли билан ўйнади ва қизил карточка олмасдан жамоасини муқаррар голдан асраб қолди. Орадан ўн дақиқа ўтиб Мармушнинг пеналтисини қайтарди.

Кўплаб норозиликлардан сўнг, Англия футбол федерацияси ҳам вазият бўйича баёнот берди ва уни собиқ ҳужумчи Гари Линекер BBC телеканалида расмий ўқиб берди.

Эзе “Кристал Пэлас”нинг бугунги тарихини ёзган футболчига айланди. Қувват, юқори даража ва тажрибага тўла йигитлар. “Бургутлар” ҳақиқий мўъжиза ярата олишди. Гласнер таркибидаги кўплаб футболчиларни алоҳида таъкидлаш мумкин.

Масалан, ҳимоячи Лакруани айтамизми, япониялик Камада ёки Гранит Матета... ҳаммаси яхши, лекин Эзе бугун, балки, улар орасида энг яхшиси бўлишга лойиқ, чунки айнан унинг голи туфайли тарих ёзилди.

Бу ўйин Эзе карьерасидаги муҳим воқеа ва финал қаҳрамони сифатида ёдда қолади. У “Селхерст Парк”нинг севимлисига айланди ва миллий терма жамоа либосини кийиш шарафига лойиқ деб топилди. Бу мавсумда Эзе барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда 13 та гол урди ва 11 та ассист қайд этди. Футболчининг баҳоси 60 миллион евро деб айтилмоқда ва бугунги финалдан сўнг унга кўплаб топ клублар янада кўпроқ қизиқиш билдириши табиий.

Бир неча ой илгари “Манчестер Юнайтед” ҳамда “Тоттенхэм” каби клублар Эзени ўз жамоасида кўришга қизиқиш билдирган эди. Ҳар икки жамоа мавсумни яхши ўтказа олмади, аммо ким Европа Лигаси финалида ғолиб бўлиб, Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритса, ўша клуб имкониятларини оширади.

“Манчестер Сити”нинг келажаги энди қандай бўлади? “Шаҳарликлар” АПЛ чемпионлигини қўлга кирита олмади. Бугун эса Англия кубогида ҳам мағлуб бўлди. Ҳақиқатдан ҳам мураккаб мавсум, айниқса бир неча йил давомида узлуксиз совринлар ютиб келган футболчилар учун.

Мавсум давомидаги кўплаб жароҳатлар ҳам Гвардиола жамоасининг таркиби мукаммал эмаслигини кўрсатди. Қизиғи шундаки, клуб олдида янада ёмонроқ хавотир бор. “Сити” ҳозирда АПЛ жадвалида олтинчи ўринда кетмоқда ва Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиши ҳам сўроқ остида. Агар миссия уддаланмаса, ана шунда “Сити” учун ҳақиқий драматик мавсум бўлади.

Пеп Гвардиола ва шайхлар янги совринлар учун ўзида куч топа оладими ёки йўқми, буни вақт кўрсатади

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг