locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Ислом Аҳмедов: Бугунги ўйин янада ишонч беради

“Бунёдкор” – “Андижон” (1:3) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Ислом Аҳмедов саволларга жавоб берди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Ислом Аҳмедов: Бугунги ўйин янада ишонч беради
photo: Andijon fk
Ўзбекистон Суперлигаси
24.04.2026, Як.
Бунёдкор
1
Андижон
3

“Бунёдкор” – “Андижон” (1:3) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Ислом Аҳмедов саволларга жавоб берди.

- Биринчи навбатда бизга стадионда қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга, бизга доимо ёрдам бераётган вилоятимиз ҳокимига ва барча раҳбарларимизга катта раҳмат айтамиз. Қолаверса, футболчиларимизга ўзларини энг яхши томонларини кўрсатишгани учун миннатдорчилик билдирамиз. Ўйинга келадиган бўлсак, “Бунёдкор”ни ўз услуби ва салоҳиятли мураббийга эга жамоа эканини билардик. Шу асосда қаттиқ тайёргарлик кўрдик. Режа қилгандик ва режамиз амалга ошди.

- Футболда кам учрайдиган ҳолат кузатилди. Биринчи бўлимдан сўнг бирданига 4 нафар футболчини алмаштирдингиз. Бунинг сабаби нимада эди?

- Айтганимдек, “Бунёдкор” ўз услубига эга жамоа. Агар уларга босим қилиб футбол ўйнамасангиз, бизга қийинчилик туғдириши аниқ эди. Шунинг учун хоҳлаймизми-йўқми, олдинги чизиққа юклама тушарди. Биринчи таймда футболчиларимизга босим қилиб, уларнинг ўйинини кўрсатишига йўл қўймасликни топширганмиз ва қўлдан келганича ҳаракат қилишди. Аъло даражада ҳам ўйнашди, десак бўлади. 30-дақиқада олдинги чизиқда чарчоқ аломатлари сезилди. Шу сабабли иккинчи бўлимда янги кучлар майдонга туширдик.

- Қишда трансфер қилинган Мартин Боакени маоши катта деб эшитдик. У “Машъал”га қарши ўйиндан кейин ҳали гол ургани йўқ. Унинг ўйинини қандай баҳолайсиз?

- Мартин Боакени бу ерга қандай келиб қолганини очиғи, мен билмайман. Штабда бор эдим, аммо музокараларда иштирок этмаганман. Боаке салоҳиятли ҳужумчи. Агар ундан тўғри фойдалансак, ҳаводаги тўпларда доим илғор. Биринчи бўлимда икки қанот ўйинчиларимизга кўпроқ ҳаводан узатмалар беришни айтганмиз. Мартиннинг кучли томонидан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Тўпни яхши сақлагани учун уни икки нафар ўйинчи қўриқлади.

- “Бунёдкор” “Андижон” учун ноқулай рақиб эди. Буни статистика ҳам кўрсатиб турганди...

- Бу ўйинга тайёргарлик кўраётганимизда статистикага қарамагандим. Фақат бор эътиборимизни “Бунёдкор” билан учрашувга қаратгандик. Рақибни ўрганиб чиқиб, имкони борича уларнинг устунлигидан фойдаланишига йўл қўймасликка ҳаракат қилдик.

- Бугун Бекзод Сулаймоновга имконият бердингиз. Шунингдек, “Андижон” U21 жамоасида яна бир ўйинчи ўзини кўрсатяпти. Бу Ҳамидулло Каримов. У ёшлар чемпионатида тўпурар бўлиб турибди. Унга ҳам имконият бериб кўрасизми?

- Албатта. Аслида бу ерда 4 та ўйинга имконият берилган. Жамоада қанча вақт ишлашимни ҳали билмайман. Шунинг учун аввал аниқ қилиб олганимиздан кейин ёшлар жамоасидаги ўйинчиларимизга имконият бериб борамиз. Каримовнинг потенциалини биламан. Ўйинларга бориб томоша қиламан. Худо хоҳласа, аста-секин уларни ҳам жалб қилиб борамиз. Ўтган йили биринчи лигада ўйнаган йигитлардан 8 нафар атрофидаги йигитлар ўринбосарлар сафига ўтишган. Яхши, салоҳиятли ўйинчилар бор. U21 жамоамизда яхши футболчилар кўп. Улар бежизга юқори ўринларда эмас.

- Самвел Бабаян ишлаган пайтда у ўйинлардан сўнг ўйинимиз бор, аммо омадимиз келмаяпти деб айтарди. Кетма-кет мағлубиятлар руҳий томондан таъсир қилади. Бу ғалаба уларга қай даражада ёрдам беради, деб ўйлайсиз?

- Очиғи, бу ғалабада ҳамма катта меҳнат қиляпти. Мураббийлар штаби, шифокорлар, администраторлар ва бошқалар бу ғалабадан кейин ҳам меҳнат қилишяпти. Қатор мағлубиятдан сўнг ўйинчилар тушкунликка тушиб қолишганди. Шу сабабли аввало уларни руҳий жиҳатдан кўтаришга ҳаракат қилдик. Машғулотларимизда ички рақобатни ҳам кучайтиряпмиз. Ана шунда рақобатбардош жамоа бўла оламиз. Ўтган сафарги дуранг анча ишонч берди. Бугунги ғалаба янада ишонч беради. Ўйиндан-ўйинга янада яхшиланиб борамиз.

- Азимов, Ғуломов ва Комилов ўринбосарлар сафида ўйнаб келишяпти. Уларни асосий таркибга қайтариш режангизда борми?

- Ҳаммаси режамизда бор. Улар жамоамиз билан бирга ишлашяпти. Ўзларини яхши томондан кўрсатишяпти. Мен бошчилигимда икки та ўйин ўтди. Ишни яна давом эттирадиган бўлсак, уларга ҳам имконият берилади. Ўринбосарлар таркибига эса уларга ўйин амалиёти бўлиши учун туширяпмиз. Асосий машғулотни эса асосий жамоа билан қилишяпти.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг