Бундеслига. «Бавария» сўнгги дақиқаларда ғалабани тортиб олди
Германия Бундеслигасининг 12-туридан ўрин олган «Бавария» — «Санкт-Паули» учрашуви якунланди. «Арена Мюнхен» стадионидаги беллашув мезбонларнинг 3:1 ҳисобигаги ғалабаси билан тугади.
Учрашув жуда эрта гол билан бошланди: 6-дақиқада Андреа Унтонжи меҳмонларни олдинга олиб чиқди. «Бавария» биринчи бўлим охирида ҳисобни тенглаштирди — 44-дақиқада Рафаэл Геррейру аниқ зарба билан жавоб қайтарди.
Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда мюнхенликлар ўйинни ўз фойдасига оғдириб олди: 90+4-дақиқада Луис Диас ғалаба голини урди, 90+7-дақиқада эса Николас Жексон ҳисобни ишончли кўринишга келтирди.
Мазкур натижадан сўнг «Бавария» 34 очко билан Германия чемпионатида пешқадамликни давом эттирмоқда. «Санкт-Паули» эса атиги 7 очко билан турнир жадвалида 17-ўринда қолмоқда.
Кейинги турда мюнхенликлар 6 декабрь куни сафарда «Штутгарт»га қарши майдонга тушади. Худди шу куни «Санкт-Паули» ҳам сафарда «Кёльн»га қарши ўйин ўтказади.