«Астон Вилла» сўнгги 10 та ўйинда тўққизинчи ғалабасини қўлга киритди
«Астон Вилла» Англия Премьер-лигасининг 15-турида «Арсенал»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, сўнгги 10 учрашувдаги 9-ғалабасини қўлга киритди. Opta Sport маълумотига кўра, бундай серия бирмингемликларда охирги бор 1919 йилда кузатилган.
Унай Эмери жамоасининг бу кучли юриши 6-турда «Фулҳэм» устидан 3:1 ҳисобидаги ғалабадан бошланди. Шундан сўнг кетма-кет «Бёрнли» (2:1), «Тоттенҳэм» (2:1) ва «Манчестер Сити» (1:0) устидан муҳим ғалабалар қўлга киритилди.
«Ливерпул»га қарши баҳсда (0:2) мағлубият қайд этилган бўлса-да, «Астон Вилла» тезда ўзига келди ва навбатдаги учрашувларда яна кетма-кет зафарлар қозонди: «Борнмут» (4:0), «Лидс Юнайтед» (2:1), «Вулверхэмптон» (1:0), «Брайтон» (4:3) ҳамда энг сўнгги — «канонирлар» устидан муҳим ғалаба.
Маълумот учун, кейинги турда «вилланлар» 14 декабрь куни сафарда «Вест Хэм» билан тўқнаш келади.
Ҳозирча «Астон Вилла» 30 очко билан Премьер-лига турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда.