Қаҳрамон Асланов: Ҳусановнинг қайдномадан четда қолиши мен учун тушунарсиз
Манчестер Сити АПЛ 10-тури доирасида Борнмутга қарши ўйин учун таркибини эълон қилди. Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ўйин қайдномасидан ўрин олмади. Журналист Қаҳрамон Асланов Ҳусановнинг йўқлиги ҳақида муносабат билдирди.
"Абдуқодир Ҳусановнинг қайдномадан четда қолиши мен учун тушунарсиз, балки спорт формаси билан боғлиқ кескин сабаб бўлиши мумкин.
Чунки «Борнмут» ҳужумчиси Антуан Семенио АПЛ бу мавсумида энг яхшилардан бири, гол+пас бўйича (6+3) фақат Холанддан орқада холос. У тезкорлиги билан ҳам ажралиб туради ва муҳими, чап қанотда ўйнайди. Яъни Абдуқодир Ҳусанов позициясига қарши. Рақибнинг энг хавфли футболчисини тўхтатиш учун Ҳусанов яхши қурол бўларди.
«Суонси»га қарши ўйинда Ҳусановнинг бирданига асосийга ташланиши ва захирага олинишининг замирида «Борнмут»гача уни тайёрлаш ётибди, деб тушунгандим. Бошқа сабаб бор шекилли", – деди мутахассис.