locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Анвар Ҳожимирзаев: «Тўғри, «Нефтчи» таклиф билан чиқди, лекин...»

Tribuna.uz журналисти Ҳожимирзаевга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Анвар Ҳожимирзаев: «Тўғри, «Нефтчи» таклиф билан чиқди, лекин...»
photo: Dinamo fk

«Динамо»нинг 32 ёшли етакчиси ҳамда сардори Анвар Ҳожимирзаев ёзги трансфер ойнаси сўнгги куни клубини ўзгартириши мумкинлиги ҳақидаги хабар анча тарқалди. Амалдаги чемпион – «Нефтчи» унга жиддий қизиқди ва охиригача таркибга қўшиб олишга уринди. Бироқ футболчи Самарқандда қолди.

У ерда Анварни жуда ҳурмат қилишади ва қўллаб-қувватлашади. Ўз навбатида футболчи учун ҳам «Динамо» худди ўз уйидек бўлиб қолган. Самарқандда учинчи мавсумини ўтказаётган Анвар бу йил ҳам ўзининг сермахсуллиги, тўпурарлиги билан жамоага фойда келтиряпти.

Фурсатдан фойдаланиб Tribuna.uz журналисти Ҳожимирзаевга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.

- Анваржон, «Динамо» клуби икки хил таассурот қолдира бошлади. Биламизки, мавсум аввалида мақсад жиддий эди. Лекин чемпионат старти муваффақиятсиз чиқмади ва шу ҳолат серия сифатида давом этди. Ёзги танаффусдан кейин эса натижалар ижобий тарафга ўзгарди. Аввало, шу хусусида тўхталиб ўтсангиз, танаффусда натижа ўзгариши учун айнан нималар қилдингизлар?

- Ассалому алайкум. Тўғри айтдингиз, мавсум олди бошқача мақсад қўйгандик. Бизга қайсидир маънода молиявий муаммолар таъсир қилди ва чемпионат старти ҳам омадсиз келди. Легионерларимиз ҳам бизнинг лигага мослаша олишмади. Ёзги танаффусдан кейин яхши кайфиятда бошладик. Таркиб кучайтирилди, янги ўйинчилар келди. Бизга бегона бўлмаган Марко Станоевич ҳам қўшилди ва ҳозир ҳаммаси яхши.

- Кеча трансфер ойнаси ёпилди. Сўнгги куни сизни «Нефтчи»га ўтишингиз борасида хабарлар кўп чиқди. Лекин якунда «Динамо»да қолдингиз. Ушбу масалага ойдинлик киритиб ўтсангиз. Фарғоналиклар чиндан ҳам алоқага чиқишдими, Самарқандда қолишингизга нима сабаб бўлди?

- Тўғри, фарғоналиклар таклиф билан чиқишди. Лекин менинг йил охиригача «Динамо» билан шартномам борлиги учун клуб ихтиёрида қолдим.

- «Динамо»да қолишингизни Самарқанд ва Абрамовга садоқат сифатида боғлаш мумкинми?

- 3 йилдан бери Самарқанд шарафини ҳимоя қилиб келяпман. Ўзингиз тушунасиз (кулади).

- Қолаверса, «Динамо»да молиявий муаммолар ҳақида ҳам гапирилганди. Ҳозир бу ҳолат қандай, вазият ўзгарганми?

- Ҳа, ҳозирги пайтга келиб ҳолат анча яхши тарафга ўзгарган.

- Суперлигада 9 та гол урдингиз. Яна нечта гол уришни мўлжаллаяпсиз?

- Худо хоҳласа, янада кўпроқ голлар уришга ҳаракат қиламан.

- Нима деб ўйлайсиз, мавсум бошида «Динамо» олдига қўйилган мақсад ўзгарганми ёки ўз кучи-да турибдими?

- Бемаќсад ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Табиийки, бизнинг ҳам ўзимизга яраша олдимизга қўйган мақсадимиз бор. Биз шунга қараб интиламиз ва ишлашни давом эттиряпмиз.

- «Динамо»нинг ҳақиқий етакчисига айланган футболчи сифатида маҳаллий мухлислар сиздан кўп нарса кутушади, доим. Бу сизга ишонч берадими ёки босим?

- Бу ҳолат менга ҳамиша ишонч беради. Табиийки, мен уларни ўз ўйинларим билан доимо хурсанд қилишга бор кучим билан ҳаракат қиламан.

- Нима деб ўйлайсиз, бу мавсумда ким чемпион бўлади?

- Билмадим, олдинда ҳали ўйинлар кўп. Буни вақт кўрсатади.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг