Ўзбекистон U-17 тўртинчи бор мундиалда иштирок этади. Олдинги мусобақаларни ёдга оламиз
Исломбек Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Саудия Арабистонида ўтаётган Осиё кубогида чорак финалга чиқиш билан биргаликда Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.
Шундай қилиб ўсмирларимиз ўз тарихида тўртинчи марта U-17 Жаҳон чемпионатига қатнашадиган бўлди. Хўш, олдинги учта мундиал биз учун қандай ўтган? Келинг бир бошидан ёдга оламиз.
Мексика-2011
2011 йилнинг ёзида Мексика давлати ўсмирлар ўртасидаги мундиалга мезбонлик қилган. Алексей Евстафеев бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси юртимизда ўтган Осиё кубогида финалга қадар етиб бориш орқали мундиал чиптасини ҳам қўлга киритган эди.
Мусобақани Янги Зеландиядан учралган йирик мағлубият (1:4) билан бошлаган Ўзбекистон кейинги иккита баҳсда дастлаб АҚШ (2:1), сўнгра Чехия (2:1) устидан ғалабаларга эришиб нимчорак финалга чиқишга эришганди. Бу босқичда вакилларимиз Австралияни тор-мор этишганди - 4:0. Чорак финалда эса Уругвайга имконият бой берилган - 0:2.
Якунда Уругвай финалга қадар етиб борган ва мезбон Мексикага ютқазган холос. Ўша мундиалда Ўзбекистон сафида Тимур Ҳакимов ва Аббосбек Махсталиев каби футболчилар порлаб чиқишганди. Шу тариқа, ўсмирларимиз дебют мусобақадаёқ дунёнинг энг кучли 8 та жамоасидан бирига айланишганди. Юртимизга қайтгач ҳукуматимиз томонидан мураббийлар ва футболчиларга жами 16 та автомобил совға қилинган эди.
БАА-2013
2012 йилги Осиё кубогида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Дилшод Нуралиев бошчилигидаги чемпион бўлишгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Вакилларимиз олтин медаллар билан биргаликда 2013 йил Бирлашган Араб Амирликлари мезбонлик қилган кичик мундиалда иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўшлга киритишганди.
Гуруҳ босқичини Панама устидан қозонилган ғалаба билан бошлаганмиз - 2:0. Сўнгра Африканинг Марокаш терма жамоаси билан дуранг қайд этилган - 0:0. Охирги турда Ален Халилович бошчилигидаги Хорватия таслим қилинганди - 2:1. Гуруҳда мағлубиятга учрамай нимчорак финалга чиққан ўсмирларимиздан 2011 йилги натижа яхшиланишини кута бошлагандик. Бироқ 1/8 финалда бизга рақиблик қилган Гондурас терма жамоаси битта гол орқали Ўзбекистонни анчагина эрта уйига қайтишига сабабчи бўлганди. Ўша баҳсда 24-дақиқада чехиялик бош ҳакам Павел Краловец ўзбекистонлик ҳимоячи Акромжон Комиловни майдондан четлатган ва жамоамиз деярли 70 дақиқа 10 киши бўлиб ўйнашга мажбур бўлганди. Бу мундиалда Рустамжон Ашурматов, Одилжон Ҳамробеков, Жамшид Болтабоев, Достонбек Ҳамдамов, Отабек Шукуров ва Жавоҳир Сидиқов каби футболчилар иштирок этишганди. Уларнинг кўпчилиги айни пайтда Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилари ҳисобланади.
Индонезия-2023
БААда ўтган мундиалдан кейин ўсмирлар терма жамоаси кетма-кет учта Жаҳон чемпионатига чиқа олмади. Жамолиддин Раҳматуллаев бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси Таиландда ўтган Осиё кубогида ярим финалга қадар етиб борди ва ўсмирларимиз 10 йиллик танаффусдан кейин яна мундиал йўлланмаси қўлга киритишди.
Индонезияда ўтган Жаҳон чемпионатини вакилларимиз Африканинг Мали жамоасига қарши ўйин билан бошлашди ва кутилмаганда йирик мағлубиятни қабул қилиб олишди - 0:3. Кейинги турда Канада 3:0 ҳисобида таслим этилди ва илк баҳсдаги мағлубият тасодиф экани исботланди. Гуруҳдаги охирги баҳсда Европанинг Испания жамоасига қарши ўйинда 0:2 ҳисобида ортда бориб, якунда 2:2 ҳисоби қайд этган Раҳматуллаев шогирдлари 3-ўрин билан 1/8 финалга чиқишди. Бу босқичда жамоамиз Англияга тўқнаш келди ва 2:1 ҳисобида сенсацион ғалабани тантана қилди. Ўша учрашувда Англия жамоаси сафида ўйнаган Этан Нванери ҳамда Майлс Льюис-Скелли каби йигитлар вакилларимизга қарши ҳеч нима қила олишмаганди. Улар бугунги кунда "Арсенал"нинг асосий футболчилари ҳисобланишади.
Чорак финалга чиқиш орқали Ўзбекистон ўсмирлари 2011 йил Мексикадаги натижани такрорлашди. Афсуски бу сафар ҳам ярим финалга чиқиш насиб қилмади. Францияга қарши баҳс 83-дақиқада ўтказиб юборилган гол туфайли мағлубиятга айланди - 0:1. Якунда бизни ютган Франция мундиал финалига қадар етиб борди ва кумуш медалларни қўлга киритди. Бу Жаҳон чемпионатида Муҳаммадюсуф Собиров, Азизбек Тўлқунбеков, Беҳруз Жуматов, Дилшод Абдуллаев, Оллаберган Каримов, Лазизбек Мирзаев, Амирбек Саидов каби футболчилар порлаб чиқишди. Айниқса Лазизбек Мирзаевнинг Англияга жарима тўпидан урган голи дунё ижтимоий тармоқларини "портлатди".
Қатар-2025
Энди ўсмирлар ўртасидаги мундиалларда содир бўлган ўзгаришларга тўхталсак. Шу йилнинг ноябрь ойида Қатар мамлакатида ўтадиган U-17 Жаҳон чемпионатида тарихда илк бор 48 та жамоа иштирок этади. Мусобақа ташкил этилган 1985 йилдан 2005 йилгача бу мундиалда 16 тадан жамоа қатнашиб келганди. 2007 йилда жамоалар сони 24 тага етказилганди. Кўриб турганингиздек бу йил жамоалар сони икки бараварга кўпайтирилди.
Бундан ташқари энди бу мусобақа ҳар икки йилда эмас, ҳар йили ўтказиладиган бўлмоқда. 2025-2029 йиллар оралиғидаги кетма-кет бешта мундиални Қатар қабул қилади. Исломбек Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига деярли янгиланган мусобақада омад тилаймиз.
