ЦСКА Файзуллаевни жамоада қолдиришга тайёр — бир шарт билан
Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаевнинг ЦСКАдаги келажаги борасидаги мунозаралар янги босқичга чиқди. Бу сафар клубнинг собиқ ҳимоячиси Иван Таранов ўз муносабатини билдирди. Унга кўра, футболчининг қаерда ўйнаши унинг шахсий қарорларига боғлиқ.
— Агар Файзуллаев ўзини бошқа чемпионатда ривожлантираман деб ҳисобласа, ЦСКА уни қўйиб юбориши керак. Лекин агар у Россияда қолишни истаса ва клубга садоқатини намоён этса, бундай футболчини сақлаб қолиш учун клуб бор кучини ишга солиши зарур, — деди Таранов.
Шунингдек, у Файзуллаевнинг келажагини тактик схемалар билан боғлашни нотўғри деб ҳисоблайди:
— Унинг ЦСКАда қолиши ҳақида янги ўйин схемаларидан келиб чиқиб гапириш тўғри эмас. Профессионал футболчи турли тактикаларга мослашишни билиши керак, — дея таъкидлади эксперт.
Тарановнинг фикрича, Файзуллаевнинг ЦСКАда қолиши ёки Европага кетиши ҳақидаги қарор, аввало, унинг шахсий мақсадларига боғлиқ.