ЦСКА Файзуллаевнинг ўрнини босадиган номзодни топди
Москванинг ЦСКА клуби ўзбек ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев жамоани тарк этиши мумкинлигига жиддий ёндашмоқда. Европа клубларининг футболчига бўлган қизиқиши клуб раҳбариятини олдиндан чора кўришга мажбур қилмоқда.
Журналист Иван Карпов ўзининг телеграм-каналида ёзган маълумотларга кўра, ЦСКА скаутлари ярим ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш учун асосий номзодни танлаб бўлишган. Бу рол учун «Ростов» клуби футболчиси Иван Комаров кўрилмоқда. Унга бўлган қизиқиш мураббийлар штаби марказий майдондаги тактик услубни сақлаб қолишни мақсад қилганини англатади.
Аббосбек Файзуллаев 2023 йил ёзида Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасидан ЦСКА сафига қўшилган эди. Дебют мавсуми — 2023/2024 йил якунларига кўра у Россия Премьер-Лигасининг энг яхши ёш футболчиси деб топилган.