Раҳимжон Давронов: «Водий мухлисларини мутлақо муболағасиз ўзбек футболининг юраги дейиш мумкин»
"Қўқон-1912" жамоасининг янги аъзоси Раҳимжон Давронов билан эксклюзив суҳбат.
"Қўқон-1912"дан таклиф тушганда, ушбу клубга ўтиш қарорини қабул қилишингизга нима энг асосий туртки бўлди? Лойиҳами, мураббий ишончими ёки водий футболи муҳитими?
— "Қўқон-1912" — ўзининг буюк тарихи, содиқ мухлислари ва ҳар доим юқори мақсадлар сари интилувчан характери билан ажралиб турадиган клуб. Қарор қабул қилишимда мураббийлар штаби томонидан билдирилган ишонч энг асосий омил бўлди. Эндиги вазифам — ушбу ишончни ҳар бир ўйинда, яшил майдонда ҳаракатларим билан оқлаш.
Фаолиятингизнинг катта қисмини айнан водий жамоаларида ўтказяпсиз. Водий футболи ўзининг ашаддий ва талабчан мухлислари билан машҳур. Бундай босим ва трибуналарнинг жўшқинлиги сизга қўшимча адреналин берадими ёки масъулият юкини оширади?
— Водий мухлисларини мутлақо муболағасиз ўзбек футболининг юраги дейиш мумкин. Улар ҳар қандай ўйиндаги тинимсиз қўллаб-қувватлаши менга фақат ва фақат қўшимча куч бағишлайди. Мен бундан босим эмас, аксинча, елкамдаги улкан масъулият ва майдонда боримни бериб ўйнаш учун энг кучли мотивация деб биламан.
Ҳар бир жамоада 1-рақам бўлиш учун жиддий кураш кетади. "Қўқон-1912" дарвозабонлар чизиғидаги рақобат ҳақида қандай фикрдасиз?
— Соғлом рақобат бор жойда ҳар доим ўсиш ва тараққиёт бўлади. Мен ҳар куни машғулотларда ўз устимда тинимсиз ишлаяпман. Таркиб борасида эса мураббий қарор қилади — ким энг тайёр ва муносиб бўлса, ўша майдонга тушади. Менинг мақсадим — ҳар қандай дақиқада жамоага максимал фойда келтиришга тайёр туриш.
Агар қўқонлик ашаддий мухлис сизни кўчада тўхтатиб, "Нега айнан бизнинг клубни танладингиз?" деб сўраса, унга 3 та сўз билан қандай жавоб берган бўлардингиз?
—Ишонч. Мақсад. Ғалаба.
Янги жамоага келган ҳар бир футболчи ўз олдига аниқ мақсадлар қўяди. Сиз "Қўқон-1912" таркибида қандай марраларни кўзлаяпсиз?
— Биринчи навбатда — жамоамиз, мураббийлар штаби ва мухлисларнинг тўлиқ ишончини қозониш. Шахсий мақсадларимга келсак, "қуруқ ўйинлар" сонини имконият даражасида кўпайтириб, "Қўқон-1912"нинг турнир жадвалида юқори ўринлар учун курашишига муносиб ҳисса қўшиш.
Агар дарвозабон бўлмаганингизда, майдоннинг қайси нуқтасида ўйнаган бўлардингиз ва нега?
— Катта эҳтимол билан марказий ҳимоячи бўлардим. Чунки дарвозабонлик каби, бу чизиқда ҳам ўйинни чуқур ўқиш, майдонни тўлиқ кўра олиш, вазиятни сониялар ичида баҳолаш ва бутун жамоа ҳимоясини бошқариш талаб этилади. Бу масъулият менга жуда яқин.