Нойер Мюллерни ортида қолдириб, Бундеслига тарихидаги энг кўп ғалаба қозонган футболчига айланди
Мюнхеннинг «Бавария» клуби дарвозабони Мануэл Нойер Германия Бундеслигасининг 7-турида «Боруссия Дортмунд»га (2:1) қарши баҳсда фаолиятидаги 363-ғалабасини қўлга киритди.
Бу натижа унга собиқ жамоадоши, ҳозирда Канаданинг «Ванкувер Уайткапс» жамоасида тўп сураётган Томас Мюллерни (362 ғалаба) ортида қолдириш ва Бундеслига тарихидаги энг кўп ғалаба қозонган футболчига айланиш имконини берди.
39 ёшли дарвозабон бу рекордни ўрнатиш учун 530 учрашувда майдонга тушди. Нойер «Бавария» сафида 2011/2012 йилги мавсумдан бери тўп суриб келмоқда. Шу вақт мобайнида у 12 марта Германия чемпиони, 5 марта мамлакат кубоги соҳиби ва 2 марта Чемпионлар лигаси ғолиби бўлган.
Шунингдек, Нойер 2014 йили Германия миллий жамоаси билан Бразилияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида зафар қучган.