Мусиала Эквадор билан ўйинини ўтказиб юборади – Плеттенберг
Германия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Жамол Мусиала 25 июнда бўлиб ўтадиган футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг Эквадор билан бўлиб ўтадиган сўнгги ўйинини ўтказиб юборади. Бу ҳақда журналист Флориан Плеттенберг X ижтимоий тармоғида хабар берди.
Манба маълумотларига кўра, қарор футболчи ва Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсман ўртасида муҳокама қилинган. Ўйин юкламасини бошқариш доирасида 23 ёшли ярим ҳимоячига дам берилади.
Шунингдек, Мусиаланинг ўрнида бошланғич таркибда "Штутгарт" ярим ҳимоячиси Дениз Ундав майдонга тушиши хабар қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Германия терма жамоаси ЖЧ-2026 плей-офф босқичида иштирок этиш ҳуқуқини муддатидан олдин нақд қилган учинчи жамоа бўлди.
2-турда немислар Кот-д'Ивуар терма жамоаси устидан иродали ғалаба (2:1) қозонганди.