Мареска: «Сити» ғалабага муносиб эди»
«Манчестер Сити» бош мураббийи Энцо Мареска Англия Премьер-лигаси 1-турида «Борнмут» устидан қозонилган 2:1 ҳисобидаги ғалаба ҳақида фикр билдирди.
«Ростини айтсам, бу идеал кун бўлди. Ҳуштак чалиниб, учрашув бошланганидан кейин мухлисларнинг қўллаб-қувватлови акс этган баннерни кўриш мен учун жуда ёқимли бўлди. Ўйиндан кейин ҳам хурсанд эдим — биз мухлисларга уч очкони қўлга киритиш қувончини тақдим этдик. Бу жуда ҳиссиётларга бой ва ажойиб кун бўлди.
Стадиондаги муҳит фантастик эди. Бу биз муносиб бўлган ғалаба. Аммо ўйиндаги хавфли вазиятлар сонини ҳисобга олсак, учрашув якунига саккиз дақиқа қолганида эмас, балки анча олдинроқ ғалабани таъминлашимиз мумкин эди.
Рақиб гол ургунига қадар уларда икки-учта имконият бўлди, биз эса ўз вазиятларимиздан фойдалана олмадик. Рақиб гол уриб, сен эса ўз имкониятларингни бой берсанг, ҳаммаси янада қийинлашади.
Иккинчи бўлимда эса 80-дақиқага қадар рақибнинг дарвозамиз томон бирорта ҳам зарбаси бўлмади. Шунинг учун ғалабага муносиб бўлганимизга ишонаман», — деди Мареска.