Хаби Алонсо “Ал-Ҳилол”га қарши ўйин ҳақида: “Вақт етмаяпти”
Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи Хаби Алонсо Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати доирасидан ўрин олган “Ал-Ҳилол”га қарши баҳс ҳақида фикр билдирди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу баҳс 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланди.
“Ўзгаришлар вақт талаб қилишини билардим. Ўзгартириш керак бўлган жиҳатлар бор ва буни биламиз. Вақт етмаяпти.
Тайёргарлик учун бизнида атиги тўққиз кун вақт бор эди, баъзи футболчилар эса бор-йўғи учта машғулот ўтказишди.
Бу унчалик оддий эмас, лекин биз турнирдамиз ва ўрганишга ҳаракат қиляпмиз. Режаларимизни амалга ошириш учун вақт керак бўлади”, – дейди Алонсо.
Эслатиб ўтамиз, Хаби Алонсо Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати олдидан “Реал” бошқарувига келган. Испаниялик мутахассис бундан аввал Леверкузеннинг “Байер” клубини бошқарган эди.