Бруну Фернандеш АПЛда Терри Анри ва Кевин Де Брюйненинг рекордини такрорлади
«Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси Бруну Фернандеш Англия Премьер-лигасида бир мавсумда амалга оширилган голли узатмалар сони бўйича турнир рекордини такрорлашга муваффақ бўлди. АПЛ 37-тури доирасида ўтган «Ноттингем Форест»га қарши учрашувда португалиялик футболчи жорий чемпионатдаги ўзининг 20-ассистини расмийлаштирди.
Фернандешга қадар бир мавсум ичида 20 та голли узатмани амалга ошириш кўрсаткичи фақат икки футболчига насиб этган эди. Бу натижани илк бор «Арсенал»нинг собиқ ҳужумчиси Терри Анри 2002/2003 йилги мавсумда қайд этган бўлса, кейинчалик «Манчестер Сити» собиқ ярим ҳимоячиси Кевин Де Брюйнe 2019/2020 йилги мавсумда ушбу натижани такрорлаганди.
Эслатиб ўтамиз, Англия Премьер-лигасининг сўнгги, 38-турида «Манчестер Юнайтед» сафарда «Брайтон» меҳмони бўлади. Мазкур учрашув 24 май куни Тошкент вақти билан соат 20:00 да старт олади.
Бруну Фернандеш 2020 йилнинг январ ойидан буён манкуниянликлар сафида тўп суриб келмоқда. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, португалиялик ярим ҳимоячининг айни пайтдаги бозор қиймати 40 миллион еврони ташкил этади.