“Барселона” Иниго Мартинес билан шартномани узайтирмоқчи
Каталониянинг “Барселона” клуби марказий ҳимоячи Иниго Мартинес билан 2026 йилда якунланадиган шартномани узайтириш устида ишламоқда. Бу ҳақда Sport.es нашри хабар берди.
Манбага кўра, “кўк-анорранглилар” 34 ёшли футболчи билан 2027 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган янги шартнома имзоламоқчи.
Клуб Мартинеснинг етакчилик фазилатларини, шунингдек, жорий мавсум ҳимояда бирга ўйнаган Пау Кубарси билан ўзаро муносабатларини қадрлайди. Жамоа бош мураббийи Ханси Флик ҳам Мартинес билан шартнома узайтирилишини истамоқда.
Маълумот учун, Иниго жорий мавсум барча турнирларда 46 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 6 та голли узатмани амалга оширди. Унинг Transfermarkt’даги нархи 5 миллион евро деб баҳоланмоқда.