Анвар Ғофуров: Янги мавсум бошланмасдан туриб катта ҳис-ҳаяжонни сезмоқдамиз
Нефтчи футболчиси Анвар Ғофуров клуб матбуотига интервью берди.
Ортда қолган мавсум ҳақида фикрларингиз?
Ортда қолган футбол мавсуми биз учун жуда катта масъулиятли бўлгани билан бир қаторда бизга катта қувонч бағишлади.
Бу мавсумда сиз учун эсда қоларли ва энг оғир кечган ўйинларни айтиб бера оласизми?
Эсда қоларли ўйинларимиз кўп бўлди. Жумладан, "Динамо", "Насаф" ва "Қизилқум"га қарши ўтказган сўнгги ўйинимиз ажойиб тарзда кечди. Ушбу беллашувларда қўзонилган ғалабалардан жамоамиз аъзолари ўзгача завқ олишди. Аммо, мавсум давомида бизни ранжитган учрашувлар эса "Пахтакор" жамоасига қарши ўтказган баҳсларга тўғри келади. Чунки, ўз майдонимизда ҳам, сафардаги учрашувда ҳам имкониятни тошкентликларга бой берганимиздадир.
Сиз Суперлигада чемпион бўлишимизга ишонганмидингиз. Чемпионликни қўлга киритганингиздан сўнг илк ҳис-туйғуларни қандай сўзлар билан изоҳладингиз?
Ҳа, биз Суперлигада чемпион бўлишимизга тўла ишонч ҳосил қилган эдик ва чемпионликни қўлга киритганимиздан сўнг хаёлимга келган дастлабки фикрим, йил бошида олдимизга қўйилган юксак мақсад ва вазифаларни шараф билан бажардик.
Севимли жамоамизнинг жонкуяр мухлислари ҳақида фикрингиз. Сизнингча "Нефтчи" мухлислири бошқа жамоа мухлисларидан ажралиб турадиган жиҳатлари нимада?
Жонкуяр ва ашаддий мухлисларимиз бу йил ҳар йилгидан кўра бизга жуда катта далда бўлишди. Бошқа жамоа мухлисларидан ажралиб турадиган жиҳатларидан бири, олис масофага қарамай барча сафар учрашувларимизда мухлисларимиз бизга 12-чи ўйинчи вазифасини аъло даражада бажариб келишганлари бўлди..
Мавсум давомида сизни энг кўп руҳлантирган гол ёки эпизод қайси бўлди?
Ёван Жокичнинг учрашувнинг сўнгги дақиқаларида "Қўқон-1912" дарвозасига киритган голи ва Аброҳ Исмоиловнинг "Андижон"га урган голи мени жуда руҳлантирди, десам асло муболаға бўлмайди.
Янги мавсум олдидан қандай фикрдасиз ва мухлисларга айтар сўзингиз?
Янги мавсум бошланмасдан туриб катта ҳис-ҳаяжонни сезмоқдамиз. Шу билан бирга келаси мавсумда ҳамма жамоаларга омад тилайман. Биз эса чемпионликни муносиб ҳимоя қилиш учун барча куч ва маҳоратимизни ишга солишга тайёрмиз. Севимли жамоамизнинг футболсевар ва жонкуяр мухлисларини кириб келаётган Янги йил билан табриклайман.