Александр Хомяков: “Раќибга омад кулиб боқди”
Суперлиганинг 6-туридаги “Андижон” – “Динамо” (1:2) учрашувидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмда мезбонлар бош мураббийи Александр Хомяков журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Турнир жадвалидаги юқори ўринларда бораётган икки жамоа ўртасидаги ўйин гувоҳи бўлдик. Яхши ўйнаш ва ғалаба қозониш асосий вазифамиз эди. Эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилдик, баъзи вазиятларда аниқлик етмади. Бугунги ўйинимиз ва натижамиз билан мухлисларимизни хурсанд қила олмадик. Бир қанча имкониятлардан фойдалана олмадик. Масалан, бир вазиятда Турдимуродов гол ура олмади. Иккинчи таймда ҳам тўп ўтказиб юборгунча бир қанча вазиятларимиз бўлди. “Динамо”ни ҳисобни очганидан кейин анча фаолроқ ўйнадик. Лекин натижа яхши бўлмади. Аламли мағлубиятга учрадик. Афсуски, ўз майдонимиздаги кетма-кет иккита учрашувда ютқазиб қўйдик. Омад ҳам келмади, деб ўйлайман. Раќиб анча ақлли ўйин кўрсатди. Қайсидир вазиятда нимадир ўхшагандек бўлди. Бироқ VAR билан боғлиқ ҳолат, вақт чўзилиши ҳам бизнинг зараримизга ишлагандек. Афсуски, сўнгги дақиқаларда тўп ўтказиб юборганимиз аламли кечди. Охирги дақиқаларда эҳтиёткор ўйин кўрсатишимиз керак эди. Йигитлар ҳам қўлдан келганича ҳаракат қилишди. Оғир ўйин бўлди.
- Ғалаба кутгандик, мағлубиятга ким асосий сабабчи деб ўйлайсиз?
- Бирор нарса дейишим қийин. Ким асосий сабабчи бўлиши мумкин? Умумий маънода айтганда, раќибга омад ҳам кулиб боқди. Улар омад туфайли ғалаба қозониб кетди. Охиригача ҳаракат қилишди ва керакли натижага эришишди. Майдон марказида фаол ўйнашди. Биз айнан шу ҳудудда кўп имкониятларни бериб қўйдик.
- Аввалги учрашувларда ўйиндан қониқмадим, деб айтгандингиз. Бугунгисидачи?
- Кўп вазиятларда шундай деб айтаман. Яна нима дейишим мумкин? Тиғиз тақвим, ўйинлар тез-тез ўтказиляпти. Бу ҳолат ҳам таъсирини ўтказган. “Динамо”да эса биздан фарқли ўлароқ бизга нисбатан тикланиш учун вақт кўпроқ бўлди. Натижа ҳам, ўйин ҳам мени қониқтирмади. Фикримча, бизда ҳеч нарса ўхшамади. Айниқса, қанотлардаги ҳаракатларимиз яхши чиқмади. Кўп хатоларимиз бўлди. Натижа биз учун қониқарсиз якун топди.
- Кўпчилик “Андижон”нинг асосий қуроли стандартлар деб атайди. Ҳақиқатан ҳам шундайми ёки бу сизнинг ўзига хос услубингизми?
- Менимча, ҳамма жамоанинг стандартлари асосий қуроли ҳисобланади. Ўйиндаги вазиятларга қараб стандартлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз. “Динамо” ҳам стандарт вазиятлардан фойдаланиш ҳаракатида бўлади. Бундай усуллардан фойдаланиш бўйича фақат биз эмас, бошқалар ҳам бу каби стандартлардан яхши фойдаланиш бўйича иш олиб боради.
- Мураббийлар томонидан ҳали ҳам оптимал таркиб тузилмаяпти. Нега доим ротацияларга қўл уриляпти?
- Футболчилар робот эмас-ку, улар ҳам чарчашади. Доим барқарор ўйин кўрсата олишмайди. Ўйинлар орасидаги вақтнинг қисқалиги, баъзида ҳар 3-4 кунда ўйнашга тўғри келяпти. Вазиятдан келиб чиқиб, кимгадир дам берамиз. Кимгадир имконият берамиз. 20 дан зиëд ўйинчиларимиз бор. Бири бўлмаса, бошқасини ўйнатамиз. Вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиламиз.