Умида Омонова — Жаҳон кубогининг учинчи босқичида
Грузиянинг Батуми шаҳрида аёллар ўртасидаги FIDE Жаҳон кубоги қизғин паллага кирди. Мусобақада Ўзбекистон терма жамоасидан уч нафар шахматчи — Умида Омонова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Афруза Ҳамдамова иштирок этмоқда.
Умида Омонова муваффақиятли иштирокини давом эттириб, учинчи босқичга йўл олди. У иккинчи босқичда Европа чемпиони, польшалик Алина Калинская билан дуранг ўйнади. Тай-брекда эса кучли рақибасини мағлуб этишга эришди.
Гулруҳбегим Тоҳиржонова хитойлик халқаро усталардан бири — Лу Миаойига қарши баҳс олиб борди. У қийин курашда устунликка эга бўлган бўлса-да, ҳал қилувчи хатоси сабаб мусобақани тарк этди.
Аввал хабар берганимиздек, ёшлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамова иккинчи босқичда Ҳиндистон вакили, рапид бўйича икки карра жаҳон чемпиони Ҳампи Конеруга 0,5:1,5 ҳисобида мағлуб бўлганди.
12 июл куни Умида Омонова учинчи босқичда қозоғистонлик Элназ Калиахметга қарши дона суради. Элназ ўтган босқичда грузиялик тажрибали шахматчи Нино Бациашвили устидан 1,5:0,5 ҳисобида ғалаба қозонган.