Улугбек Рашитов нега икки йилга дисквалификация қилинди?
Ўзбекистонлик таэквондочи Улугбек Рашитов нима учун мусобақалардан четлатилгани ҳақида баёнот берди. Ўзбекистон Антидопинг агентлиги ҳам ушбу масала юзасидан расмий маълумот тақдим этди.
Аввалроқ икки карра олимпия чемпиони Рашитовнинг икки йилга дисквалификация қилингани ҳақида хабар берилган эди. Бу қарорнинг сабаби сифатида унинг сўнгги бир йил ичида уч марта ўз жойлашуви ҳақида нотўлиқ ёки вақтида маълумот тақдим этмагани кўрсатилди. Бу эса Жаҳон антидопинг кодексига зид ҳисобланади.
Агентлик маълумотига кўра, Кодекснинг 2.4-пунктига асосан, агар спортчи бир йил ичида уч марта ADAMS тизимида тўлиқ манзилни кўрсатмаса (уй рақами, хона, подъезд коди, қўшимча телефон рақами кабилар билан бирга) ёки маълумотни кечиктириб янгиласа, бу антидопинг қоидабузарлиги сифатида баҳоланади.
«Рашитов билан боғлиқ ҳолатда, халқаро допинг назоратчилари уни кўрсатилган манзил бўйича топа олмаган. Чунки у уй манзилини тўлиқ киритмаган. Учинчи марта эса манзилни ўз вақтида янгиламаган. Шу боис, бу уч ҳолат бир йил ичида содир бўлгани учун ИТА томонидан икки йилга дисквалификация қилинди», — дейилади агентлик хабарида.
Шу билан бирга, Улугбек Рашитов 2025 йил февралгача қўлга киритган натижаларини сақлаб қолади. Бироқ 25 февралдан 13 майгача бўлган вақтда эришган барча ютуқ ва совринлар бекор қилинди.
Ўз навбатида, Улугбек Рашитов ҳам ушбу вазият юзасидан муносабат билдирди:
«Мени тақиқланган модда билан ушлашмаган. Масала жойлашув бўйича бўлган. Ноябрда соат 6:00 да менинг манзилимга келишди (допинг назорати учун — таҳр.). Ваҳоланки, ADAMS тизимида соат 21:00 деб кўрсатилган эди. Яъни, мен соат 6:00 да биров келишини кутмаганман. Менга ҳатто қўнғироқ ҳам қилишмаган, фақат SMS юборишган», — деди Рашитов.