Нодирбек Абдусатторов Бухарестдаги элита турнирида ғалаба учун курашни бошлади
Бухарест шаҳрида классик шахмат бўйича халқаро даражадаги Superbet Chess Classic Romania турнири бошланди. Grand Chess Tour 2025 доирасида ўтказилаётган мусобақа 350 000 долларлик мукофот жамғармасига эга бўлиб, ғолиб 100 000 долларни қўлга киритади.
Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов мазкур мусобақада етакчи шахматчилар қаторида чемпионлик учун баҳс олиб бормоқда. Биринчи турда у АҚШ номидан иштирок этаётган Левон Аронянга қарши қора доналарда ўйнади ва дуранг натижа қайд этилди.
1-тур доирасидаги беш партиядан учтасида дуранг кузатилди. Франциялик Алиреза Фирузджа ватандоши Максим Ваше-Лаграв устидан ғалаба қозонган бўлса, америкалик Уэсли Со румыниялик Богдан-Даниэл Дикни мағлуб этди.
Ҳиндистонлик жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджу ҳамюрти Праггнанандҳага қарши баҳсни тенглик билан якунлади. Ян-Криштофф Дуда ва Фабиано Каруана ўртасидаги учрашув ҳам дуранг билан тугади.
Абдусатторовнинг кейинги турдаги рақиби кейинроқ маълум бўлади.