Grenke Freestyle Chess Open: Жавохир Синдаров ғалабалар қайд этмоқда, Магнус Карлсен - турнир етакчиси
Германиянинг Карлсруэ шаҳрида нуфузли Grenke Freestyle Chess Open шахмат турнири давом этмоқда. Гроссмейстер Жавохир Синдаров мусобақанинг “А” гуруҳида муваффақиятли иштирок этмоқда. Ўзбек шахматчиси навбатдаги турда икки учрашувда ҳам ғалаба қозонди: олтинчи даврада у поляк Масе Клековскини, еттинчи турда эса қора шахмат донасини бошқаришига қарамай, ҳинд гроссмейстери Ариан Чопрани мағлуб этди.
Саккизинчи тур олдидан Синдаров 5,5 очко жамғариб, бешинчи ўринга кўтарилди.
Норвегиялик Магнус Карлсен барча етти учрашувда ғалаба қозонган ҳолда, юз фоизлик натижа билан яккаликда турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Рауф Мамедов ва Андрей Есипенко 6 очкодан жамғариб, кучли учликни якунлаб турибди.
21 апрел куни бўлиб ўтадиган саккизинчи турда Жавохир Синдаров Германия вакили Фредерик Сваннга қарши ўйнайди. У ҳам 5,5 очкога эга. Ўзбек гроссмейстери ушбу учрашувда қора доналар билан ҳаракат қилади.
Магнус Карлсен эса ушбу турда Рауф Мамедовга қарши, шунингдек қора шахмат доналари билан ўйнайди.