“Ҳумо”нинг россиялик матбуот котиби жамоа атрофидаги вазият юзасидан баёнот берди
Тошкентнинг “Ҳумо” хоккей клуби ахборот хизмати раҳбари Александр Малишев клуб атрофида юзага келган муаммолар ва уларга муносабати ҳақида фикр билдирди.
“Узоқ вақт жим турдим, аммо барибир ўз позициямни билдиришга қарор қилдим. Матбуот хизматига узоқ йиллар раҳбарлик қилган инсон сифатида вазиятни тарғиб қилиб юбориш менга тўғри келмайди. Чунки мен 2019 йилда клуб яратилишида бошида турганман ва кейинги йилларда уни ривожлантирган жамоа билан елкадош бўлганман. Шу билан бирга, клубнинг ташқи имижи учун ҳам масъул бўлганман. Бу каби вазиятда жим туриш нотўғри бўларди. Натижада, барча соядан чиқиб, Ўзбекистон Президентига мурожаат йўллашди. Энди савол қолмади, деб ўйлайман.
Маошларнинг кечикиши клубда илк кунларданоқ кузатилган муаммолардан бири. Эшитишимча, яқинда раҳбарият 2023/24 мавсуми учун мукофот пули бўйича қарзларни тўлаган. Демак, маълум натижаларга эришилмоқда. Бу — вақт масаласи.
Бу мавсум биз учун осон кечмади. Илк бор мавсум оралиғида ходимлар, жумладан, матбуот хизмати ҳам ишдан бўшатилди. Бош ҳомийнинг клубни тўлиқ қўллаб-қувватлаш имконияти йўқдай кўринди. Бу фақат “Ҳумо”нинг муаммоси эмас.
Туш кўрсам, “Ҳумо”ни ВХЛда тасаввур қиламан. Охирги уч мавсумда Қозоғистон чемпионати биз учун анча мақбул бўлди. Аммо эндиликда Қозоғистондаги легионерлар ҳақидаги янги қонунлар Ўзбекистон клубларини бу лигани тарк этишга мажбур қилмоқда. Қаршимизда турган энг тўғри йўл — давлат-хусусий шериклиги асосида молиялаштириш”, — деб ёзди Малишев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ҳумо” жамоаси хоккейчилари маошлар кечиккани сабабли Ўзбекистон Президентига мурожаат йўллаганди.